Нидерландия миллий жамоаси ҳимоячиси Виржил ван Дейк ҳакамлар ҳам ўз қарорларини омма олдида тушунтириши лозимлигини айтди.
Нидерландиянинг Англияга қарши ўйинида (1:2) учрашув бош ҳаками Феликс Цвайер Думфриснинг Кейнга нисбатан қўполлигидан кейин VARга мурожаат қилиб, пеналти белгилаган ва Ҳарри ҳисобни тенглаштирганди.
«Ҳакамлар ўйиндан кейин майдонни жуда тез тарк этишди – фикримча, шунинг ўзи ҳам ҳаммасини айтиб турибди. Ўйиндан кейин улар билан ҳаттоки қўл ташлашга ҳам улгурмадим. Нима ҳам дердим, ўйин тугади, биз мағлуб бўлдик.
Ҳакамлар ўйиннинг боришига таъсир қилишда давом этмоқда. Учрашувдан кейин уларни ҳам саволга тутишса ёмон бўлмасди. Агар биз футболчилар қаердадир хато қилсак, ўйиндан кейин журналистлар саволларига жавоб берамиз. Ҳакамлар ҳам шундай қилиши керак», - дейди нидерландияликлар сардори ўйиндан кейин beIN Sports’га берган интервьюсида.