Мэйсон Гринвуднинг «Марсел»га ўтиши амалга ошмаслиги мумкин.
Аввалроқ француз клуби «Манчестер Юнайтед» вингери учун 27,6+4 млн евро таклиф қилгани ва футболчи билан 2029 йилгача мўлжалланган шартнома тузмоқчилиги хабар қилинганди.
Бироқ Гринвуд трансфери Марсел мерининг футболчи ҳақидаги сўзлари туфайли тўхтатилди, деб хабар беради Жанлука Ди Марцио. Бенуа Пайян шундай деди: «Уят, аёлга нисбатан зўравонлик эркакнинг иши эмас, бу «Марсел» қадриятларига зиддир. Мен клуб президентидан у билан шартнома имзоламасликни сўрайман» (Футболчи севгилисини ургани учун судланган).
Шунга қарамай, «Марсел» 22 ёшли Мэйсоннинг трансферини рад этмади ва ҳамон футболчини жамоага ўтишга кўндиришга уринмоқда. Англиялик вингерга «Лацио» ҳам қизиқиш билдирмоқда ва уни қўлга киритишга ҳаракат қилиши мумкин.
2023/24 йилги мавсумда Гринвуд «Хетафе»да ижарада ўйнади ва Ла Лиганинг 33 ўйинида 8 гол ва 6 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.