Тиаго Алкантара собиқ жамоаси «Барселона»да мураббий бўлиши мумкин.
«Бавария» ва «Ливерпул»да ҳам ўйнаган каталониялик 33 ёшли футболчи фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Diario Sport хабарига кўра, «Барса»нинг янги бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик Тиагога мураббийлар штабига қўшилиш таклифини билдирган.
Испания миллий жамоасининг собиқ яримҳимоячиси бу имкониятни кўриб чиқмоқда ва таклифни қабул қилишга мойил.
Флик ва Тиаго бир-бирларини 2019/20 йилги мавсумдан — «Бавария»да треблга эришган вақтларидан билишади ва улар жуда яхши муносабатларга эга. Немис мутахассиси испаниялик футболчини ўзи ва жамоа ўртасидаги боғловчи, шунингдек, унга қийин шароитда қулай бўлишига ёрдам берадиган шахс сифатида кўради.
Клуб Тиагонинг розилигини кутмоқда. Агар розилик олинса, молиявий фейр-плэйга мослашиш ва янги мураббийни рўйхатдан ўтказиш учун бир қатор масалаларни ҳал қилиш керак бўлади.