Яна кимлар уйга қайтади?
2 июл куни футбол мухлислари Евро-2024 турнирида чоракфиналнинг барча иштирокчилари номини билиб олишади. 1/8 финал доирасидаги сўнгги учрашувлар Руминия – Нидерландия ҳамда Австрия – Туркия ўртасида ўтказилади. Бу жамоаларнинг қайсиларида турнирдаги иштирокини давом эттириш имконияти кўпроқ? Қуйида шу ҳақда.
Руминия — Нидерландия: Куман устида булутлар (21:00 / Zo'rTV)
Нидерландия миллий жамоасидан бу турнирда шундоғам катта натижа кутилмаётганди, аммо улар бундай кучли гуруҳда ҳам яхшироқ иштирок этиши мумкин эди. Куман шогирдлари Полша билан ўйин охирида захирадан тушган Вегҳорстнинг голи эвазига ғалабага эришди (2:1), французлар билан натижа учун ўйналди (0:0), Австрия билан ўйинда эса мағлубиятга учралди (2:3). Натижада — квартетда учинчи ўрин эгалланди. Шу билан бирга, бунинг эвазига нисбатан қулайроқ плей-офф йўлига тушиб олинди.
«Тўқсариқранглилар» ҳозирча ўз ўйинини топиб олмади, шундай экан, уларга 1/8 финалда Руминия рақиб бўлгани омад келгани эди. Бу жамоа 24 йилдан буён плей-офф босқичларида ўйнамаган ва айнан тажриба етишмаслиги панд бериши мумкин. Қолаверса, жамоа бош мураббийи Эдвард Йордэнеску дисквалификация туфайли асосий чап қанот ҳимоячиси Банкудан фойдалана олмайди, бу позицияга ихтисослашган бошқа футболчи эса йўқ. Бу чиндан ҳам жиддий муаммо.
Шубҳасиз, бу жуфтликда Нидерландия фаворит бўлиб кўринмоқда. Уларда нафақат плей-оффда иштирок этиш тажрибаси, балки юқори савияли ижрочилар ҳам бор. Бу ўйинда Португалия — Словения (0:0, пеналтилар бўйича 3:0) ўйинида бўлганга ўхшаш сценарий кузатилиши мумкин: руминлар қуйи блокда тартиб билан ҳимояланиб, қарши ҳужумларга таянади. Куман эса рақиб мудофаасидан ўтиш учун калит қидириши, Гакпо, Фримпонг ва Симонс каби футболчиларнинг тезкор ҳаракатларига умид қилиши керак бўлади.
Агар нидерландлар бу босқичдан ўта олмаса, Роналднинг миллий жамоадаги келажаги савол остида қолади, ҳозирданоқ унинг боши узра қора булутлар айланмоқда. Йордэнескуда эса ҳеч қандай босим йўқ, Руминияда у ва шогирдлари аллақачон қаҳрамонларга айланишган.
«Чоракфиналга чиқиш биз учун улкан ютуқ бўлади. Буни ифодалаш учун керакли сўзларни топиш ҳам қийин. Яхши натижага эришиш учун ажойиб, интизомли ва яхши ташкиллаштирилган ўйин намойиш этиб, ўз вазиятларимиздан фойдаланишимиз лозим», — деган Йордэнеску.
Австрия — Туркия: Монтелла Рангник «машина»сини қандай тўхтатади? (00:00 / Zo'rTV)
Австрия Германияга кучлигина таркиб билан ташриф буюрганди ва унинг гуруҳ босқичидаги муваффақияти кўпчилик учун катта сенсацияга айланмади. Ралф Рангник майдонда фаол прессинг ва мобилликни уйғунлаштирган янги тактик ғояларни жамоага сингдирди. Австрияликлар «ўлим гуруҳи»да биринчи ўринни эгаллади. Жамоа дастлаб гуруҳ фаворити Францияга минимал ҳисобда ютқазди (0:1), кейин эса Полша (3:1) ва Нидерландияни енгди (3:2). Ва буни чиройли, юқори тезлик, тотал прессингга асосланган ва сон-саноқсиз вазиятлар яратилган ўйинлар билан амалга оширишди.
Туркия ҳам гуруҳ босқичида икки ғалабага эришди: аввалига Гуржистон билан шиддатли баҳсда уч очко олинди (3:1), 3-турда эса 70 дақиқа давомида бир киши кам бўлиб ўйнаган Чехия таслим этилди (2:1). Винченцо Монтелла шогирдлари гуруҳда иккинчи ўринни олишди, аммо португалияликлар билан очколар тенг келган ҳолатда, ўзаро учрашувдаги мағлубият (0:3) туфайли иккинчи ўринда қолди.
Туркияликлар ҳужумкор футбол намойиш этиш билан бирга мудофаада рақибга кўп имконият қолдирмоқда. Бу эса плей-оффда панд бериши мумкин.
Монтелла таркибда ўзгаришлар қилади — Оқойдин ва Чалхонўғли сариқ карточкалари сони кўпайиб кетгани туфайли бу ўйинни ўтказиб юборади. Булар ўз позицияларидаги муҳим футболчилардир — мудофаа маркази ва «ўнлик». Катта эҳтимол билан, ҳимоя марказида Демирал— Бардакчи жуфтлиги ҳаракат қилади, ҳужумчи ортида эса Гулер чиқади.
Мухлисларни икки жамоа ҳам навбатма-навбат ҳужум қиладиган ўйин кутмоқда. Монтелла Австрия футболчиларини қандай тўхтатиш ва имкон қадар камроқ гол ўтказиш ҳақида бош қотириши лозим. 2024 йил мартида ушбу жамоалар ўртоқлик учрашувида майдонга тушган ва унда Туркия 1:6 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Бугун италиялик мутахассис ўша ўйиндан қандай хулосалар чиқарганига гувоҳ бўлиш мумкин.
«Биз ҳис-туйғулар устун келишига йўл қўймаслигимиз керак: биз март ойидаги мағлубият учун қасос олиш ҳақида ўйлай олмаймиз. Туркия Австрия нималарга қодирлигини билади, хотиржамликни сақлаш жуда муҳим», — деган Монтелла.
Бугунги ўйинлар ғолиблари кейинги босқичда ўзаро тўқнашади.
Айни вақтда плей-оффдаги вазият: