30.06.2024 17:56
1957
Теглар
Еврода кун ўйинлари: Англия ва Испания плей-оффдаги иштирокини бошламоқда

Словакия ва Гуржистондан сенсация кутиш мумкинми?

Европа чемпионатида навбатдаги кун — 1/8 финалнинг навбатдаги жуфтликлари. Бу сафар англияликлар словакларни, испанлар — гуржистонликларни енгишга ҳаракат қилади. Чоракфиналга чиқиш учун кимда қандай имконият?

Англия — Словакия: Саутгейт учун илк синов (21:00 / Zo'rTV)

Англия миллий жамоаси гуруҳида биринчи ўрин билан плей-оффга чиққанди. Натижа бор, аммо Гарет Саутгейт жамоаси жуда зерикарли футбол намойиш этмоқда. Англияликлар гуруҳ босқичидаги уч ўйинда атиги иккита гол уришди. Ва бу уларга квартетда биринчи ўринни олиш учун етарли бўлди. Жамоа дастлаб Сербияни енгди (1:0), кейин Дания (1:1) ва Словения (0:0) билан дуранг қайд этди. Бошқа томондан, уч йил олдин ҳам инглизлар гуруҳда атиги икки гол урган (ўшанда етти очко жамғарилган), кейин эса Евро финалига қадар етиб борилганди.

Словаклар барча жамоалар тўрттадан очко жамғарган гуруҳда иштирок этди. Бунда тўплар нисбати ҳал қилувчи бўлди. Натижада Словакия учинчи ўрин билан 1/8 финалга чиқди. Жамоа дастлаб Белгияни мағлуб этди (1:0), кейин Украина босимига дош беролмади (1:2), сўнгги турда эса Руминияга қарши ҳар икки томонни дуранг қониқтирадиган ўйинда дуранг қайд этилди (1:1). Словаклар мустақил давлат бўлганидан буён бирор марта Европа чемпионатлари чоракфиналларига чиқмаган. Жамоа плей-оффда фақат бир марта, 2016 йилда ўйнаган ва 1/8 финалда Германияга йирик ҳисобда ютқазган (0:3).

Англия бу Еврода ҳаддан ташқари зерикарли ва прагматик ўйини билан ажралиб турибди. Аммо жамоа ҳамон турнир ғолиблиги учун фаворитлардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки «Уч шерлар»нинг плей-оффдаги йўлида асосий рақобатчилар йўқ — Франция, Испания, Германия ва Португалия финалгача бошқа йўлдан боради.

Плей-оффдаги илк рақиб бўлмиш Словакия турнир стартида Белгияни енгиб, сенсация кўтарганди. Жамоа бутун ўйин давомида кучли рақиб босимига дош бериб туриши мумкин, лекин жамоанинг ўртача ёши анча катта: асосий футболчилардан фақат Ханцко ва Боженик 28 ёшдан кичикроқ, етакчилар эса — 37 ёшли Пекарик ҳамда Куцка, шунингдек, 35 ёшли Дубравка.

Асосий масала — турнирнинг ўртача ёши энг улуғ жамоасининг кучи қанчагача етади? Словаклар гуруҳдаги барча уч учрашувни амалда бир хил таркибда ўтказди ва етакчилар анчагина ҳолдан тойишди.

Англиядан эса ёрқин ҳужумкор футбол кутиш қийин. Плей-офф тажриба ўтказадиган вақт эмас. Шу билан бирга, Триппиер жамоа ҳужумда фаоллашиши лозимлигини айтган: «Биз тажовузкорлик билан прессинг қилишимиз ва ўз футболчиларимиз даражасидан келиб чиққан ҳолда анча кўпроқ вазиятлар яратишимиз мумкин».

Бу борада сўнгги сўз Саутгейтда қолади. Агар бош мураббий танқидларга чидашга тайёр бўлса, натижага эришиш йўлини ўзи яхши билади. Энг асосийси — уч очко, ўйин сифати ҳақида бир неча кундан кейин ҳеч ким эслаб ўтирмайди. Ҳатто мураббийга тиш қайраб турган инглиз журналистлари ҳам.

Испания — Гуржистон: йирик ҳисоб ёки мўъжиза? (00:00 / Zo'rTV)

Испания миллий жамоаси — гуруҳ босқичида максимал очко жамғарган ягона жамоа бўлди. Қолаверса, улар бирорта гол ўтказиб юборишмади. Испанлар хорватларни йирик ҳисобда таслим этди (3:0) ва Италияни осонлик билан енгди (1:0). Иккинчи ўйинда Луис де ла Фуэнте тўлиқ устунликка эришди ва ҳисоб йирик бўлиб кетиши ҳам мумкин эди, фақат Доннарумма бунга йўл қўймади. Охирги турда эса Албания «қизил фурия»нинг иккинчи таркибига ҳам рақобат туғдира олмади (1:0).

Гуржистон плей-офф иштирокчилари сафида бўлишини кўпчилик кутмаганди. Бу жамоа учун Европа чемпионатининг финал босқичига чиқишнинг ўзи ҳам улкан муваффақият эди. Аммо гуржистонлик футболчилар турнирдаги юришини давом эттириб, 1/8 финалга чиқди. Ҳолбуки жамоа икки турдан кейин атиги бир очкога эга эди. Охирги турни гуржистонликлар турнир фаворитларидан бири Португалияга қарши ўтказиб, ғалаба қозонди — 2:0.  Гуруҳ босқичи рамзий жамоасидан бирданига икки гуржистонлик - энг яхши тўпурар Жорж Микаутадзе ва дарвозабон Георгий Мамардашвили (сейвлар сони бўйича пешқадам) жой олди.

Гуржистон плей-оффга чиқиб, орзуни амалга оширди, аммо ҳозирча ушбу жамоанинг салоҳияти нимага етишини айтиб бўлмайди. Икки турдан кейин гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилган Португалияни енгиш бошқа, 1/8 финалда катта иштиёқ билан майдонга тушадиган Испаниядан устун келиш бошқа иш.

Кўпчилик гуржистонликларнинг бу учрашувдаги имкониятини нолга баҳоламоқда. Ўзаро учрашувлар статистикасига кўра испанлар яққол устун: сўнгги тўрт йилда улар Гуржистон билан тўрт бор ўйнаган ва тўрт ғалабага эришган. Саралаш босқичида Вилли Саниол шогирдлари аввалига 1:7 ҳисобида, кейин эса — 1:3 ҳисобида ютқазди.

Фақат бир нарса аниқ — гуржистонликлар охирига қадар курашади. Муваффақият учун Мамардашвилидан мўъжиза кўрсатиш, Кварацхелия ва Микаутадзедан вазиятлардан фойдаланиш талаб этилади.

«Айни вақтда Испания — турнирнинг энг яхши жамоаси, мен учун бу аниқ. Агар фақат мудофаа ҳақида ўйлаб, муваффақиятга эришиш имконсиз. Биз рақибларимиз ва бутун Европага биз нафақат ҳимояда яхшилигимиз, Португалия билан ўйнагандек ўйнай олишимизни кўрсатишимиз лозим», — деган Саниол.

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар