29.06.2024 10:34
2391
Теглар
Тезкор гол, сенсация, сейвлар — Евро-2024 гуруҳ босқичидаги барча рекордлар

Евро гуруҳ босқичи қизиқарли ва кутилмаган ҳодисаларга бой бўлди. Сенсацион Грузия ва Австрия, барча жамоалар бир хил очко тўплаган Е гуруҳи, автоголлар ва, албатта, рекордлар.

— Австриялик Романо Шмиднинг Нидерландия (3:2) билан ўйинда киритган тўпи Европа чемпионатлари тарихидаги 900-гол бўлди.

— Гуруҳ босқичида дастлабки 12 та ўйинда 34 та гол урилди ва бу Евро тарихида шунча баҳслар бўйича энг яхши натижага айланди. Аввалги рекорд 2012 йилги Еврода ўрнатилган — ўшанда жамоалар 12 учрашувда 33 та гол уришган.

— Евролар тарихида биринчи марта бир гуруҳда тўртта жамоа бир хил очко тўплади. Руминия, Белгия, Словакия ва Украина 4 очко билан 3-турни якунлашди.

— C гуруҳидаги олтита ўйинда бешта дуранг қайд этилди ва бу Евролар тарихида бир гуруҳ учун рекорд ҳисобланади. Умуман олганда, ушбу гуруҳдаги жамоалар жами 7 та гол уришди, бу эса Европа чемпионати антирекордининг такрорланишидир. 1980 йилда гуруҳ босқичи ташкил қилинганидан бери биринчи марта гуруҳда фақат битта ғалаба (Англия Сербияни мағлуб этган) кузатилди. Аввалги минимал кўрсаткич Евро-2016да иккита ғалаба эди.

— Ушбу турнир Евролар тарихида 90-дақиқадан кейин энг кўп тўп киритилгани бўлди — 10. Бундан олдинги рекорд (9) Евро-2016га тўғри келади.

— Ромелу Лукаку олтита голли вазиятдан фойдалана олмади. Бу 1980 йилдан бери йирик турнирлардаги барча европалик футболчилар орасида рекорддир.

— Гуруҳ босқичининг 3 та ўйинида Тони Кроос 324 та аниқ узатмани амалга оширди, бу Евро-2016дагидан биттага кўп. Немис футболчиси ўзига тегишли рекордни янгилади!

— Криштиану Роналду Евролар тарихидаги энг яхши ассистентга айланди (8 та голли узатма). Шунингдек, у шахсий антирекорд ҳам ўрнатди — илк бор йирик турнирларнинг гуруҳ босқичида гол уролмади.

— Грузиянинг Португалия устидан қозонган ғалабаси (2:0). Евро тарихида биринчи марта ФИФА рейтингида паст ўриндаги жамоа (74-ўрин) топ-10даги рақибини мағлуб этди.

— Мамардашвили xG бўйича 3,6 та голдан қутқарди — бу ХХI асрда гуруҳ босқичи рекорди. Шунингдек, грузиялик дарвозабон Евро гуруҳ босқичида сейвлар сони бўйича рекордни такрорлади: у 3 та ўйинда 21 та сейв амалга оширди, бу Евро-2004да латвиялик дарвозабон Александр Колинконинг натижаси билан бир хил.

— Туркия-Чехия (2:1) ўйинида Евролар тарихидаги энг кўп карточка кўрсатилди — 20 та.

— Албаниялик Недим Байрами Евролар тарихидаги энг тезкор голни урди — 23-сонияда Италия (1:2) дарвозаси ишғол этилди. Венгрия эса асосий вақтлардаги энг кеч голни урди — Кевин Шобот шотландлар (1:0) дарвозасига 99:32да тўп киритди.

Ва яна ёшга оид кўплаб рекордлар:

🔘 Еврода дебют қилган энг ёш футболчи — Ламин Ямал (16 ёш 338 кун);

🔘 Евродаги дебютида гол урган энг ёш футболчи — Арда Гулер (19 ёш 114 кун).

🔘 Энг ёш мураббий — Юлиан Нагелсманн (36 ёш 327 кун);

🔘 Энг ёш сардор — Доминик Собослаи (23 ёш 243 кун);

🔘 Гол урган энг ёши катта футболчи — Лука Модрич (38 ёш 289 кун);

🔘 Турнирдаги энг ёши катта ўйинчи — Пепе (41 ёш 113 кун);

🔘 Икки Еврода ўйнаган энг ёш футболчи — Жуд Беллингҳэм (20 ёш 353 кун).

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар