Ёшлар ойлиги доирасида жаҳон футболи афсоналари Ўзбекистонга ташриф буюришди. Бразилия ва Италиянинг яқин ўтмишдаги юлдузлари — Дида, Сержинио, Кристиан Пануччи ва Кристиан Заккардо каби собиқ футболчилар матбуот анжуманида иштирок этиб, ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.
Жаҳон чемпиони Заккардо ўсмирлар ўртасидаги мундиалда 3 нафар иқтидорли ўзбекистонлик футболчиларни пайқаганини айтди: «Бизни бу тадбирга таклиф этган BMB раҳбарига раҳмат айтаман. Бу ерга йиллар давомида ортиррилган тажрибаларимизни бўлишиш учун келдик.
Ёшлар ўсишдан тўхтаб қолмаслиги учун ўқишлари керак. Ҳамма ҳам футболчи бўлавермайди. Аксарият инсонлар кўпроқ пул топаман деб бу спортни танлайди. Шунинг учун тўғри муҳитда бўлиш жуда муҳим.
Ўзим ФИФАнинг расмий агентиман. Жаҳон чемпионати U-17да 3 нафар ўзбекистонлик иқтидорли фтуболчиларни пайқадим. Улар ўз устида ишлашда давом этишса, яхши натижаларга эришади».
ЕЧЛ ғолиби Кристиан Пануччи ҳам ёш футболчиларга тўғри муҳит қанчалик муҳимлиги ҳақида гапирди: «ЎФАдаги кўргазмада Ўзбекистон кўплаб ютуқларга эришаётганини билдик. Умид қиламанки, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Ёш футболчилар келажакда катта ютуқларга эришиш учун тўғри муҳитда бўлиши лозим. Бу уларнинг ҳақиқий эркак бўлиб етишишига хизмат қилади. Шунингдек, ҳеч қачон ўсишдан тўхтаб қолмаслик керак.
Евро-2024? Бугунги ўйинда Италия ва Швейцариянинг имкониятларини тенг баҳолайман. Германия — турнир фаворити, испанлар гуруҳ босқичида яхши таассурот қолдирди».
«Милан»нинг бразилиялик собиқ дарвозабони Дида Ўзбекистондаги шароитларни таъкидлади: «Футбол ўйнаш учун Ўзбекистондаги ҳозирги шароитлар биз учун орзу бўлган. Бразилияда бизнинг даврда футбол билан шуғулланиш учун шароит бўлмаган. Ўзбекистондаги ҳозирги имкониятлар орзумиз эди.
Ҳозирги ёшларга орзу қилиш билан бирга ўз устида кўпроқ ишлашни маслаҳат бераман. Меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Дарвозабонлар ўртасида рақобат пасайиб кетмадими? Бизнинг даврда рақобат кучлироқ бўлгани рост. Ҳозир кўп таваккал қилишади ва асосан техникага эътибор қаратишмоқда».
«Милан»нинг собиқ яримҳимоячиси Сержинио замонавий футбол роботлашиб кетаётганини айтди: «Ҳар бир боланинг орзуси бўлиши керак. Ҳамма ҳам футболчи бўлавермайди. Бунга эришиш учун кўп нарсадан воз кечиш керак.
Ҳозирги футбол роботлашиб кетган. Менга индивидуал ҳаракатларга бой ўйин ёқади. Шунинг учун Еврода Испанияга мухлислик қиляпман.
2005 йилги ЕЧЛ финали? («Милан» 3:0 ҳисобидаги ғалабани қўлдан чиқарган, сўнг пеналтилар сериясида ютқазган) Танаффусда ҳеч қандай байрам қилмаганмиз. «Ливерпул» ҳам яхши жамоа эди. Ўшанда омадимиз чопмаганди. Лекин 2007 йилда реванш олгандик».