25.06.2024 18:53
3572
Теглар
Еврода 25 июн кунги ўйинлар. Кимга қандай натижа керак?

Европа чемпионатининг навбатдаги кунида тўрт учрашув C ва D гуруҳларининг энг яхши жамоаларини аниқлаб беради. B гуруҳида учинчи ўринни олган хорватлар инглизлар ёрдамидан умид қилмоқда. 

Нидерландия — Австрия: Рангник Куманга қарши (21:00 / Zo'rTV )

Кўпчилик Австрияни бу турнирдаги «сирли тойчоқ» деб атамоқда. Ралф Рангник ўз шогирдларини улар Европанинг энг яхши жамоаларига рақобат туғдира олишига ишонтирган. Ва афтидан, бу иш бермоқда. Австриянинг D гуруҳидан чиқиш имкониятларига шубҳа билан қараган мухлислари энди юқорироқ ўринда чиқиш зарурлиги ҳақида айтишмоқда.

«Мен биринчи ўрин билан чиқишни афзал кўрардим, аммо биз ўз ўйинимизда ғалаба қозонишимиз ва Франция ютқазишини кутишимиз керак бўлади, бунинг эса эҳтимоли кам. Иккинчи ўринни эгаллаш учун биз шунчаки иккинчи ўринни олишимиз керак. Биз ўз ишимизни қилишни истаймиз, кейин эса бошқа жамоаларнинг натижаларига қараймиз», — деган Рангник.

Аввалига Полшага қарши ўйинда ирода кўрсатиб ғалаба қозонган (2:1), кейин французлар билан дуранг қайд этган (0:0) нидерландлар Австрия билан ўйинга гуруҳ етакчиси сифатида етиб келишган. Роналд Куман шогирдлари учун сўнгги қадамни ташлаш қолган — олдинги кунги ўйинларда Хорватия Италия билан дуранг ўйнагач, Нидерландия камида учинчи ўрин билан кейинги босқичда иштирок этиши ойдинлашди.

Ҳозирги биринчи ўринни сақлаб қолиши учун жамоа параллел учрашувдаги Франциядан ёмонроқ ўйнамаслиги кифоя (шу билан бирга, Австриядан енгилмаслиги керак). 

Ралф Рангник жамоаси Франция билан ўйинда автогол туфайли аламли тарзда ютқазди (0:1), кейин Полшадан тўлиқ устунликка эришди (3:1) ва уч очкога эга бўлди. 

Ғалаба Австрияга кейинги босқич йўлланмасини кафолатлайди. Бу сценарийда жамоа иккинчи ўриндан пастга тушиб кетмаслиги аниқ ва жамоада биринчи ўрин учун ҳам имконият бўлади. Агар австрияликлар сўнгги турда дуранг ўйнаса, учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди. Аммо тўрт очко 1/8 финал учун етарли бўлиши аниқ.

Ҳатто Австрия бу ўйинда ютқазса ҳам (айниқса, минимал ҳисобда), учинчи ўринлар орасидаги энг яхши тўртликдан жой олиши эҳтимоли юқори. Шундай экан, мухлислар ушбу икки жамоани ҳам 1/8 финалда кўришига шубҳа йўқ.

Франция — Полша: Левандовскининг Дортмундга қайтиши (21:00 / Zo'rTV )

Полякларнинг йўқотадиган нарсаси йўқ, жамоа турнирни гуруҳ босқичидаёқ якунлаши маълум бўлиб улгурган. Михал Пробеж кадрлар ва услуб борасида ўзгаришларга қўл уриб, одатдагига қараганда ҳужумроқ футбол намойиш этишга ҳаракат қилади. Бу Левандовски учун алоҳида кеча бўлади, у Дортмундга, «Боруссия» сафидаги ёрқин тўрт мавсум ўтган стадионга қайтади.

Франция Евро-2024 чемпионатида ҳозирча бирорта гол ўтказиб юбормади ва жамоада бу борада Испаниянинг кўрсаткичини такрорлаш имконияти бор. Диде Дешам шогирдлари ўйиндан ўйинга формасини яхшиламоқда ва хотиржамлик билан плей-оффга тайёрланмоқда. Нидерландия билан голсиз дурангдан кейин кўпчилик французларни рақиб дарвозаси атрофида тўпни осон йўқотишда айблади, аммо, жамоадаги ички муҳит яхши ва хавотирга сабаб кўринмаяпти.

Мбаппенинг ҳолати ҳали ҳам сўроқ остида ва бу ўйинда унинг саломатлиги билан таваккалчилик қилишга ҳожат ҳам йўқ. Франция асосий юлдузисиз ҳам бу сафарги рақибни енга олади.

«Ҳужумда барчаси яхши, аммо ғалаба учун гол уриш керак. Биз шунга интиламиз ва Полша билан ўйинда ҳужумдаги самарадорликни яхшилашимизга умид қиламиз», — деган Дешам.

Хорватлар Италия билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани бой бериб (1:1), албанлар Испанияга ютқазгач (0:1), французлар автоматик равишда плей-офф йўлланмасига эга бўлишди. Энди улар якуний турда ютқазса ҳам, кейинги босқичда иштирок этади. Агар Франция Полшани йирикроқ ҳисобда енгса, гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиши мумкин, биринчи ўрин учун имконият дуранг ҳисобда ҳам сақланиб қолади, бунинг учун Нидерландия Австрия билан дуранг ўйнаши керак. Бу ҳолатда французларда урилган голлар сони кўпроқ бўлиши керак.

Англия — Словения: хорватлар инглизлардан умид қилмоқда (00:00 / Zo'rTV )

Гарет Саутгейтнинг услуби кўп танқидга учраётганига қарамай, Англия миллий жамоаси С гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа аввалига сербларни қийинчилик билан мағлуб этди — 1:0, кейин эса данияликлар билан очколарни бўлишиб олди — 1:1. Словенлар эса икки ўйинда ҳам бир хил ҳисобда дуранг ўйнади — 1:1. Матяж Кек шогирдлари аввалига данияликларга қарши ўйинда мағлубиятдан қутулиб қолди, кейин эса серблар билан учрашувда ғалабани қўлдан чиқарди. Саккиз учрашувдан иборат мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган Словения ҳозирда гуруҳда учинчи ўринда жойлашган ва қўшимча кўрсаткичлар туфайлигина Даниядан ортда қолмоқда.

Англияликлар плей-оффда ўйнаши аниқ бўлган. Жамоада тўрт очко бор — бу учинчи ўрин билан ҳам 1/8 финалга чиқиш учун етарли. Агар Англия Словенияни мағлуб этса, гуруҳда биринчи ўринни кафолатлайди. Дуранг инглизларни иккинчи ўриндан пастга тушириб юбормайди.

Агар Словения охирги турда уч очко олса, 1/8 финалга чиқиши аниқ. Воқеаларнинг бундай вариантида жамоа иккинчи ўриндан пастга тушмаслиги тайин. Дуранг ҳам словенияликларни плей-оффга олиб ўтади, бу ҳолатда жамоа учинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди, уларнинг кўрсаткичи эса Венгрия ва Хорватияникидан яхшироқ (бу жамоалар айни вақтда А ва B гуруҳларида учинчи ўринни эгаллаган). Словения 3 та тўп фарқи билан ютқазса, Хорватияни олдинга ўтказиб юборади ва 1/8 финалдан умид узади.

Дания — Сербия: Митрович ва компания учун охирги имкон (00:00 / Zo'rTV )

Евро-2020 турниридаги бронза медаллар эгалари бу сафар ҳали бирорта ғалабага эришгани йўқ. Бошқа томондан, данияликлар ҳали ҳеч кимга ютқазмади ҳам. Уларнинг икки ўйини ҳам 1:1 ҳисобида якунланди. Жамоа аввалига словенияликлар билан очколарни бўлишиб олди, кейин эса — инглизлар билан. Дания гуруҳда ҳозирча иккинчи ўринда, Сербия — охирги. Драган Стойкович жамоаси англияликларга ютқазди — 0:1, кейин эса словенияликлар билан ўйиннинг сўнгги дақиқасида мағлубиятдан қутулиб қолди — 1:1.

С гуруҳидаги вазият анча чигал ва учинчи ўрин тақдири Англия ва Словения ўртасидаги ўйин натижасига ҳам боғлиқ, аммо Дания ва Сербия учун барчаси аниқ: икки жамоага ҳам ғалаба керак.

Ўртага — 1/8 финал йўлланмаси тикилган. Ғалаба Данияга гуруҳдан чиқишни кафолатлайди ва бу натижа уларни хотиржам қиладиган ягона натижа. Дуранг ёки мағлубият рўй берган тақдирда, скандинавлар тақдири бошқаларнинг қўлида қолади. Каспер Юлманн таваккалчилик қилмоқчи эмас — унинг жамоаси Мюнхенга ғалаба учун ташриф буюрган.

Сербияни фақат ғалаба қониқтиради. Бошқа исталган натижа сербиялик футболчиларни 1/8 финалсиз қолдиради. Ғалаба қозонилган тақдирда Стойкович жамоаси очколари сонини тўрттага етказади ва бу плей-оффга чиқиш учун етарли бўлади.

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар