Самарқанднинг «Динамо» клубидан трансфер тақиқи олиб ташланди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар қилди.
«Шу йилнинг 25 март куни ФИФА Низоларни ҳал қилиш палатаси «Динамо Плюс» футбол клуби ва футболчи Антон Толордава ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарганди.
Унда қайд этилишича, футболчи ва клуб ўртасидаги молиявий низоли ҳолат 45 кун муддат ичида тўлиқ бартараф этилиши лозим. Агар мазкур масала кўрсатилган вақт ичида ечим топмаса, ФИФА клубга нисбатан трансфер тақиқи белгилаши маълум қилинган. Кейинроқ «Динамо» белгиланган муддатда ишни ёпмагани учун ФИФА май ойида клубга нисбатан трансфер тақиқи белгилади.
«Динамо» куни кеча собиқ футболчиси билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилди ва клубдан трансфер тақиқи олиб ташланди», — дейилади хабарда.