ОКМК клуби 20 ёшли футболчилари — ҳужумчи Азиз Холмуродов ва яримҳимоячи Нодир Абдураззоқов билан шартномани узайтирди.
«ОКМК футбол клубининг ушбу мавсумда қайд этаётган натижалари кўпчиликни қувонтирмоқда. Жамоамиз натижалари муваффақиятли бўлишида барча бирдек меҳнат қилмоқда. Клуб раҳбарияти жамоага мукаммал шароит яратиб беришга ҳаракат қилаётган бўлса, мураббийлар штаби футболчиларни учрашувларга пухта тайёрлашда тиним билмай меҳнат қилмоқдалар.
Ўз навбатида таркибдаги барча футболчилар майдонда борларини бериб тўп тепишиб, Олмалиқ футбол клуби шаъни учун тарихий натижа қайд этишга бел боғлашган. Шунингдек, клуб тизимидаги барча ишчи-ходимларнинг меҳнатлари ҳам салмоқли эканлигини қайд этиш жоиз. Клубимиз ўз таркибидаги ёш ва умидли футболчилар билан тузилган ўзаро битимларни узайтиришга киришган.
Бугун жамоамиз таркибидаги икки футболчи — Азиз Холмуродов ва Нодирбек Абдураззоқов билан янги шартномалар имзоланди. Энди ҳар иккала футболчи ОКМК футбол клуби билан тақдирларини 2027 йилгача боғлашди.
Ишонамизки, Холмуродов ҳам, Абдураззоқов ҳам бор куч ва салоҳиятини ишга солиб, клубимизнинг янгидан-янги муваффақиятлари йўлида ўз ҳиссаларини қўшишади», — деб ёзади олмалиқликлар матбуот хизмати.