20.06.2024 16:13
9648
Теглар
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси икки поғона юқорилади

ФИФА расмий сайти июн ойи якунларига кўра, миллий жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон жамоаси икки поғонага юқорилаган.

Сречко Катанец шогирдлари 2023 йилни 68-ўринда якунлаган бўлса, Қатарда ўтган Осиё кубогидан кейин 66-ўринга кўтарилганди. Март ойидаги ФИФА кунлари доирасида Ҳонгконгга қарши ЖЧ-2026 2-саралаш босқичидаги ғалабалардан кейин (2:0, 3:0) Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқичи ва Осиё кубоги-2027га йўлланмасига эга чиқиб, рейтингда 64-ўринга юқорилаганди. ЖЧ-2026 2-саралаши доирасидаги Туркманистон (3:1) ва Эрон (0:0) билан ўйинлардан кейин вакилларимиз яна икки поғона юқорилаб, 62-ўриндан жой олди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг 2016 йилдан кейинги энг яхши натижаси 48-ўрин (октябр ойи) саналса-да, Самвел Бабаян мураббийлигидаги миллий жамоамиз 2016 йилни ФИФА рейтингида 62-ўринда якунлаганди.

ФИФА рейтингида Аргентина миллий жамоаси 1-ўринда бормоқда, Франция 2-ўрин, 3-ўриндан Белгия жой олган. Бразилия 4-ўринга кўтарилиб, Англияни 5-ўринга туширди. Португалия (6), Нидерландия (7), Испания (8), Хорватия (9) ва Италия (10) ўнликдан жой олган.

Осиё жамоалари топ-10лик орасида эса вакилларимиз 8-ўриндан жой олган. Япония қитъада пешқадам саналади – 17-ўрин, Эрон (20) ва Жанубий Корея (22) учликда. Австралия (23), Қатар (35), Ироқ (55), Саудия Арабистони (56), Ўзбекистон (62), Иордания (68) ва БАА (69) ва жой олган.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг яхши натижаси – 45-ўрин бўлиб, вакилларимиз 2006-2007 йилларда ушбу ўринда қайд этилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар