Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Евро-2024 2-туридан ўрин олган Италия билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Ҳар бир футболчининг Хорватияга қарши ўйинидан (3:0) ва бошқа йигитларимизнинг машғулотлардан жуда мамнунман. Улар ўзларини жуда юқори савияда кўрсатишди. Албатта, 2-турда ҳам ғалаба қозонишни истаймиз. Ҳозир хаёлимиз фақат шу ўйинда. Ўйиндан ўйинга мақсадимиз сари интиляпмиз. Бизни энг муҳим ўйин кутиб турибди. Ҳар бир баҳсда фақат ғалаба қозониш учун ўйнаймиз. Бошқача ўйнашни билмаймиз.
Италия бизга жуда ўхшайди. Улар яқинда жамоани янгилашди, таркибида ёш йигитлар бор, уларнинг қандай курашиши менга жуда ёқади. Уларда кўплаб маҳоратли ва тажрибали футболчилар бор. Италияга қараш ўз аксингизни кўришга ўхшайди.
Ҳозирча биз учун ҳаммаси яхши кетмоқда, лекин ўсиш учун ҳар доим жой бор. Камтар бўлиб, курашни давом эттиришимиз керак. Бу — узоқ давом этадиган турнир. Олдинда узоқ йўл бор ва биз Франция, Германия, Италия ҳамда Португалиянинг имкониятларидан яхши хабардормиз. Яхшиланиш учун тинмай меҳнат қиламиз», — дея испанлар устозининг сўзларини келтиради
Испания — Италия ўйини бугун, 20 июн куни бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 21 июнга ўтганда, 00:00да бошланади. Ҳар икки жамоа 1-турда ғалаба қозонган.