«Динамо» жамоаси 2022 йилдан кейин илк марта Суперлига доирасидаги учрашувни Самарқандда қабул қилади.
«Динамо» майдони футбол учрашувларини қабул қилиш учун тайёр. Чим, унинг остидаги дренаж ва суғориш тизимлари билан боғлиқ муаммо бартараф этилган бўлиб, эндиликда уни амалда синаб кўриш лозим», - дейилади ПФЛ хабарида.
Аввалроқ, «Динамо» Суперлига учрашувларидан бирини ўтказиш таклифи билан чиққан бўлиб, Лига ўрганишлар хулосаси асосида қатор камчиликларни аниқлаган ҳамда таклиф рад этилганди. Шундан кейин айрим масалаларда ижобий ўзгаришлар юз берди. Мана шу жиҳатни инобатга олиб, Суперлига 12-туридан ўрин олган «Динамо» — «Андижон» учрашувини Самарқанд шаҳрида ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
20-21 июн кунлари Лига мутахассислари Самарқанд шаҳрида бўлади ва стадионни тўлиқ қайта кўздан кечиради. Майдоннинг қанчалик тайёр эканлиги ва унинг келгуси парвариши борасидаги режалар «Андижон» билан ўйиндан кейин яна бир карра аниқлаштириб олинади. Стадионнинг техник ҳудуди билан боғлиқ қолган масалалар юзасидан эса Лига вилоят ҳокимлиги ҳамда «Динамо» футбол клуби ўртасида қўшимча келишув имзолайди. Унда қайд этилган масалалар жорий йилнинг 20 июл санасига қадар бартараф этилган тақдирдагина «Динамо» 2-давра беллашувларини тўлиқ Самарқанд шаҳрида ўтказиши мумкин бўлади.
«Шундан келиб чиқиб, Суперлига 12-туридан ўрин олган «Динамо» — «Андижон» учрашуви 22 июнь куни тест тариқасида Самарқанд шаҳрида ўтказилади. «Динамо» стадиони билан боғлиқ келгуси режаларга роппа-роса бир ойдан кейин аниқлик киритилади», - дейилади хабарда.
Маълумот учун, «Динамо» - «Андижон» ўйини 22 июн куни соат 20:00да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, «Динамо» 2023 йилни Про лигада ўтказган бўлса, Суперлиганинг дастлабки ярмини Жиззахдаги стадионда ўтказди.