Туркия миллий жамоаси бош мураббийи Винченцо Монтелла Евро-2024 1-туридан ўрин олган Грузияга (3:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Дарвоза томон 22 та зарба бердик. Қаердадир эҳтиёткорлик билан ўйнаш мумкин эди, лекин умуман олганда, менга кўрганларим ёқди. VAR иккинчи голни инобатга олмагач, бироз бўшашдик.
Грузия — жисмоний жиҳатдан кучли, яхши ташкил этилган жамоа. Бу жамоа ўзининг кучли ва заиф томонларини билади, шунга яраша ўйнайди. Уларнинг Еврога чиққани бежиз эмас.
Илк бор Евродаги 1-тур ўйинида ғалаба қозондик. Охирги учта турнирда гуруҳ босқичидан чиқа олмагандик, сўнггисида бирорта очко қўлга киритилмаган.
Дастлабки мақсадимиз ушбу баҳсда ғалаба қозониш эди. Энди кейинги ўйинни ҳам ютиб, плей-оффга чиқмоқчимиз», — деди италиялик мутахассис.
Туркия 2-турда 22 июн куни Португалия билан ўйнайди.