19 июн куни гуруҳ босқичида 2-тур учрашувлари бошланади.
Фото: Reuters
Хорватия — Албания: хато қилиш ҳуқуқисиз (18:00 / Zo'rTV)
Златко Далич жамоаси биринчи турда Испанияга йирик ҳисобда мағлуб бўлиб (0:3), ўз мухлислари ишончини оқлай олмади. Мағлубият сабабини яққол ифодаловчи манзара иккинчи бўлим ўрталарида Модрич ва Ковачич алмаштирилгани бўлди. Хорватия миллий жамоаси етакчилари шунчаки чарчаб қолишганди. Шундан кейин кўпчилик яна жамоада авлодлар алмашинувида кечикишгани ҳақида гапира бошлашди.
Албания билан ўйин — футболчилар учун мухлислар кўз ўнгида айбини ювиш учун имконият. Турнирнинг ҳозирги формуласида гуруҳдан учинчи ўрин билан ҳам чиқиш мумкин, шундай экан, ҳали Хорватия учун ҳеч нарса йўқотилгани йўқ.
Италияга муносиб қаршилик кўрсатган албанлар умуман осон рақиб эмас. Учинчи турда улар Испания миллий жамоасига қарши ўйнаши ҳисобга олинса, Силвинио айнан хорватлар билан қарама-қаршиликда максимум очко олишга ҳаракат қилиши тайин.
Бу тўқнашув шиддатли кечиши кутилмоқда. Агар плей-оффга чиқишни истаса, Хорватиянинг бошқа хато қилишга ҳаққи йўқ. Албания ҳам турнирни эрта тарк этишни истамайди.
Германия — Венгрия: немислар бугуноқ плей-офф йўлланмасини ҳал қиладими? (21:00 / Zo'rTV)
«Бундестим» ишончли старт олиб, Мюнхендаги очилиш ўйинида Шотландияни янчиб ташлаганди. Ёш Вирц ва Мусиала ўзларини аъло даражада кўрсатишган, жамоа фахрийси Тони Кроос гроссмейстерларча ҳаракат қилиб, майдон марказида ҳукмронлик қилганди. Юлиан Нагелсманн шогирдлари бу сафарги Еврода улар билан барча ҳисоблашиши лозимлигини кўрсатишганди. Венгрия устидан ғалаба бу муваффақиятни мустаҳкамлайди ва Германияга плей-офф йўлланмасини кафолатлайди.
Венгрлар Швейцарияга қарши кечган биринчи ўйинида рақибга ҳаддан ташқари кўп совға қилишганди, немислар билан ҳам шундай ўйналса, бу ҳалокатга тенг бўлади. Лекин иккинчи бўлимнинг айрим вақт оралиқларида Марко Росси жамоаси ёмон кўринмаганди. Агар шундай паллаларда вазиятлардан фойдаланилса, сюрприз кутиш ҳам мумкин.
Уларда бошқа вариант ҳам йўқ, мағлубият жамоа учун учинчи турни қуруқ расмиятчиликка айлантириши мумкин. Венгрлар учун дуранг ҳам ёмон натижа бўлмайди, бу ҳолда улар учинчи турда Шотландия устидан ғалаба қозонса, гуруҳдан чиқиши мумкин.
«Биз Германияга жанг таклиф қилиб, камида бир очко учун курашмоқчимиз», — деган жамоа яримҳимоячиси Андраш Шефер.
Шотландия — Швейцария: гуруҳдан чиқишга яна бир қадам қолган (00:00 / Zo'rTV)
Германиядан учралган йирик ҳисобдаги мағлубият Шотландияни ҳавас қилиб бўлмайдиган ҳолатда қолдирди. Гап ҳисобда ҳам эмас, жамоанинг ўйини ҳам яхши йўлга қўйилмаган. «Тартан армияси» биринчи ўйинида шу қадар иложсиз кўриндики, энди уларга умуман ҳеч ким ишонмаяпти. Швейцариядан ҳам мағлуб бўлинса, уларнинг турнирни плей-оффда ҳам давом эттириш учун имконияти қолмайди.
Мурат Яқин венгрлар билан учрашувда футбол жамоатчилигини ҳайрон қолдириб, одатий бошланғич таркибни ўзгартиришдан чўчимаслигини намойиш этди, у ишонч билдирган Дуа ва Эбишер эса биттадан гол уришди. Энди барча у Шотландия миллий жамоаси учун қандай сюрпризлар тайёрлаганини кўришга ошиқмоқда. Гуруҳдан чиқиш учун яна бир қадам ташлаш қолган ва эҳтиёткорлик ҳам зарар қилмайди.
Кўп нарса мураббий ўз шогирдларини бу учрашувга қандай кайфиятда тайёрлаганига боғлиқ. Жамоа ўзига ҳаддан ташқари ишониб юбориши ҳам керак эмас. Жамоа ҳимоячиси Мануэл Аканжи ҳам шунга ишора қилди:
«Биз бу турнирдаги ҳеч бир рақибга паст баҳо бермаймиз. Финал босқичи иштирокчилари саралашдан ўтиб келган. Демак, бу ерда кучсиз жамоалар йўқ. Еврода осон ўйинлар бўлмайди, шундай экан, биз ўйинга жиддий тайёрланишимиз даркор».
Назарий жиҳатдан А гуруҳида бугуннинг ўзидаёқ кўп нарса аниқ бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан сюрпризлар рўй бермайди ва фаворитлар хотиржамлик билан кутилган натижага эришади.