Тошкентнинг «Локомотив» клуби бош шифокори Аброр Пирриев Франция миллий жамоаси етакчиси Килиан Мбаппенинг жароҳати ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Ҳужумчи Евро-2024 1-туридан ўрин олган Австрияга (1:0) қарши баҳсда бурнини синдириб олди.
«Кечаги ўйинда Мбаппе жароҳат олиб майдонни тарк этди. Дастлабки маълумотларга кўра, футболчининг бурни синган. Мухлисларни Килианнинг қачон майдонга қайтиши қизиқтирмоқда.
Футболчи бурни синганда жароҳатнинг оғир-енгиллик даражасига қараб реабилитация жараёни ўртача 1-3 ой вақтни олади. Оғир ҳолларда 6 ойгача чўзилиши мумкин. Чунки гап фақат бурун суягининг синиши ёки унинг битиши ҳақида эмас, балки ҳолат ортидан бош мияга етказилган жароҳат даражаси ва уни тўлиқ тузалиш даври ҳам инобатга олинишидадир.
Килианга тўхталсак. Ҳозирги маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, агарда Мбаппе операция столига ётадиган бўлса у учун Европа чемпионати тугайди ва мухлислар суюклисини ўртача 2 ойдан кейин майдонда кўришлари мумкин бўлади. Агарда жароҳат операция талаб қилмаса ҳам, Килиан учун Европа чемпионати сўроқ остида қолаверади.
Мухлисларга таскин сифатида энг яхши тахминларга таянсак ҳам футболчи финалга яқин ўйинлардагина (агарда жамоаси етиб борса) янги имижда – ҳимоя ниқобида майдонга тушиши мумкин бўлади», — деб ёзади спорт шифокори.