УЕФА Албанияга нисбатан интизомий иш очди.
Албанияга тўртта айблов қўйилди – мухлисларга «провокацион хабарлар» йўллаганлик, нарсалар улоқтириш, фейерверк ишлатиш ва «ўйин майдонини бузиш» учун. Эслатиб ўтамиз, Албания Италияга 1:2 ҳисобида ютқазган ўйин охирларида майдонга бир мухлис югуриб чиққанди.
УЕФА мухлисларнинг қайси хабари номақбул эканини айтмади, фақат айблов «спорт мусобақасига мос келмайдиган провокацион хабар тарқатиш» билан боғлиқлигини айтди.
Баъзи албан мухлислари Косово озодлик армияси байроқларини кўрсатишди. Бу гуруҳга мансуб этник албан сепаратистлари 1998-1999 йилларда ўша пайтдаги Косово вилояти ҳудудида серб кучлари билан уруш олиб боришган.
Косово 2008 йилда мустақиллигини эълон қилган, аммо Сербия унинг мустақиллигини тан олмайди.
Ўйинда «Катта Албания» харитаси туширилган байроқ ҳам кўтарилди.
Албанияга қарши интизомий иш Евро-2024да биринчиси бўлди.