Бразилия миллий жамоасининг афсонавий ўйинчиси Роналдиньо Америка кубогида мамлакатнинг бош жамоаси ўйинларини томоша қилишдан воз кечгани сабабини айтди.
«Бўлди йигитлар, ортиқ тоқат қилолмайман. Бразил футболи ихлосмандлари учун ғамгин давр бошланмоқда. Миллий жамоа ўйинларини томоша қилиш учун журъат топиш қийинлашиб бормоқда. Фикримча, бу таркиб – Бразилиянинг сўнгги йиллардаги энг ёмон жамоаларидан бири. Бирорта ҳам ҳурматга сазовор етакчилар йўқ, бари ўртамиёна ўйинчилар. Ҳеч қачон бугунгидек ёмон аҳволни кўрмагандим. Бу ўйинчиларда мамлакат миллий жамоаси либосига нисбатан муҳаббат кўринмайди, жанговарлик йўқ ва энг асосийси – футболнинг йўқлиги.
Такрорлайман, жамоамиз ўйини – кўрганларим ичида энг ёмонларидан, афсуски шундай.
Шу боис таъкидлайман – Америка кубогининг бирорта ҳам ўйинини кўрмайман ва ғалабани ҳам нишонламайман», - дея ёзади Роналдиньо ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Маълумот учун, Бразилия Копа Америка гуруҳ босқичида Коста-Рика (25 июн), Парагвай (29 июн) ва Колумбия (3 июл)га қарши майдонга тушади.