Юлиан Нагелсманн Евро-2024 старти ҳақида гапирди.
Турнирнинг очилиш ўйинида Германия миллий жамоаси Шотландия билан тўқнаш келади. Ўйин бугун, 14 июн куни Мюнхенда бўлиб ўтади.
«Мен ҳали ёш мураббийман ва ўз уйимда Европа чемпионатида қатнашиш ҳамда ўзим узоқ вақт яшаб ўсган шаҳарда биринчи ўйинни ўтказиш бошқача бўлади. Кута олмаяпман.
Бу уйда ўтадиган Европа чемпионатидаги ўзига хос ўйин бўлади. Босимни ҳис қиляпмиз, бу — футболнинг бир қисми. Лекин, менимча, эйфория кучлироқ.
Бизда турнирни аввалгиларига қараганда яхшироқ бошлаш имконияти бор, аммо ўтмиш ҳақида кўп гапиришдан маъно йўқ. Келинг, ҳозир қаердамиз, нима истаймиз, шуни кўрамиз. Яхши бошласак, бу Еврода ҳамма нарса бўлиши мумкин», — дея Германия миллий жамоаси устозининг сўзларини келтиради Sky Sport.