08.06.2024 13:39
8679
Теглар
Абдуқодир Ҳусанов «Ланс»нинг трансфер баҳоси ошган ягона ўйинчиси бўлди. У миллий жамоада энг қимматбаҳо 3-ўйинчига айланди

Transfermarkt портали Франция чемпионати 2023/24 йилги мавсум якунларига кўра, ўйинчиларнинг трансфер баҳосини янгилади.

Унга кўра, «Ланс» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 500 минг еврога ошиб, ҳозирда 2,5 миллион еврони ташкил этмоқда.

20 ёшли ҳимоячи ўтган йил «Энергетик-БГУ»дан «Ланс»га ўтаётганида 400 минг еврога баҳоланган бўлса, ўтган 10 ой давомида Ҳусановнинг трансфер баҳоси 2,1 миллион еврога ошган.

Шу тариқа, Абдуқодир 2,5 млн евро нарх билан Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо ўйинчилари рўйхатида Аббосбек Файзуллаев (6 млн евро) ва Элдор Шомуродовдан кейин (5 млн) Остон Ўрунов (2,5 млн) билан бирга 3-4-ўринни эгаллаб турибди.

Эътиборлиси, Transfermarkt портали мавсум якунида «Ланс» таркибидан фақатгина Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳосини оширган. Қолган ўйинчиларнинг июн ойида трансфер баҳоси туширилган ёки ўз ҳолатида қолдирилган.

Қайд этиш жоиз, 20 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи якунланган мавсумда «Ланс» сафида Франция чемпионатида 11та ўйин, Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида 2тадан ўйин ўтказган бўлса, Қатардаги Осиё кубогида 3та баҳсда майдонга тушди. Шунингдек, Ўзбекистон олимпия жамоаси билан Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма олди.

«Ланс» клуби 2022/23 йилги мавсумда чемпион «ПСЖ»дан бир очко кам жамғариб 2-ўринни эгаллаганди, якунланган мавсумни эса 7-ўринда тугатди. Натижадаги бу пасайиш Абдуқодир Ҳусановдан бошқа лансликлар сафидаги бир қатор ўйинчиларнинг трансфер баҳоси шўнғишига сабаб бўлган.

Маълумот учун, Элье Ваи (35 млн евро), Кевин Дансо (25 млн), Факунда Медина (25 млн) «Ланс» сафидаги энг қимматбаҳо ўйинчилар саналади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар