06.06.2024 18:21
10533
Теглар
«Халақит берувчи рейтинг». Ўзбекистонга 3-босқичда кимлар рақиб бўлади?

Бугун, 6 июн куни Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг 2-босқичида навбатдаги ўйинини ўтказади. Вакилларимиз кейинги босқич масаласини ҳал қилишган, яъни Туркманистон ва Эрон билан ўйинлар амалда мухлисларни хурсанд қилиш ва рейтингдаги очколардан бошқа ҳеч нарса бермайди. Шу ўринда миллий жамоалар бўйича ФИФА рейтинги, унинг саралаш мусобақаларга таъсири ва балки нималарни ўзгартириш мумкинлиги ҳақида сўз юритилади.

Аввало айтиш керакки, 3-саралаш босқичи тўғридан тўғри ЖЧ йўлланмасини тақдим этадиган босқич ҳисобланади ва табиийки, биз каби жамоалар учун бу ердаги гуруҳлар таркиби, кимлар бизга рақиб бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қуръа пайтида жамоаларни саватчаларга бўлишда уларнинг ФИФА рейтинги асос қилиб олинар экан, демак, қуръа натижалари учун ҳам ушбу рейтинг ниҳоятда муҳим. Хўш, биз қайси саватдамиз, бизга кимлар рақиб бўлиши мумкин ҳамда биз қолган икки турда вазиятни яхшилаб, юқорироққа кўтарилиш имконига эгамизми?

Айни пайтда 3-босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолган миллий жамоалар бўйича эҳтимолий саватчалар қуйидагича:

  1. Япония (рейтинг очкоси 1621.88), Эрон (1612.96), Жанубий Корея (1563.99);
  2. Австралия (1563.93), Қатар (1507.94), Саудия Арабистони (1443.53);
  3. Ироқ (1420.47), Ўзбекистон (1386.58), БАА (1366.45);
  4. Иордания (1350.21), Уммон (1323.23), Баҳрайн (1307.53);
  5. Хитой (1275.22), Сурия (1266.52), Фаластин (1238.66), Тожикистон (1216.76);
  6. Қирғизистон (1213.6), Таиланд (1208.93), Ветнам (1164.54), Шимолий Корея (1160.57), Ливан (1158.96), Ҳиндистон (1145.84), Индонезия (1102.7), Малайзия (1094.54).

Демак, 3-босқичда биз юқоридаги ҳар бир саватчадан биттадан жамоадан иборат бўлган гуруҳда тўп сурамиз. Табиийки, қанчалик юқорироқ саватчадан ўрин олсак, кучлироқ рақибларни четлаб ўтиш имконияти шунчалик кўпроқ бўлади.

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўз телеграм-каналида ёзишича, Ўзбекистон 2-саватчага кўтарилиши учун бир қатор эҳтимоли кам воқеалар содир бўлиши керак. Биринчиси, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони 3-босқич йўлланмасини қўлга кирита олмаса, Ўзбекистон Ироқ билан биргаликда 2-саватчага кўтарилиши мумкин. Аммо бу иш содир бўлиши қийин, бу жамоалар ҳатто охирги икки ўйинни бой беришса ҳам, 3-босқичга чиқиши мумкин.

Иккинчи вариант, охирги ўйинлардаги натижалар орқали очколар бўйича икки жамоани қувиб ўтиш. Бунинг учун Ўзбекистон Туркманистон ва Эрон устидан ғалаба қозониши, шунингдек, Ироқ икки ўйинда 1 очкодан кўп олмаслиги, Саудия Арабистони эса, ҳар икки ўйинни ютқазиши керак. Бунга ишониш жуда қийин (мақола ёзилаётган пайтда Ироқ Индонезияни 2:0 ҳисобида енгди).

Демак, Ўзбекистон 3-босқич қуръаси пайтида 3-саватчада бўлади ва Япония, Эрон, Корея, Австралия, Қатар ва Саудия миллий жамоалари ичида иккитаси билан бир гуруҳда тўп суради.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Осиёда 3-саралаш босқичи қуръаси пайтида саватчалар ФИФА рейтингига қараб ажратилиши нотўғри деб ўйлайман. Мазкур циклни яхшироқ ўтказаётган жамоалар рағбатлантирилиши, яъни 2-босқичда гуруҳда эгаллаган ўринларга қаралиши мақсадга мувофиқроқ бўларди.

Бу вариантнинг яна бир яхши томони, гуруҳларда 1-ўрин учун ҳам кураш бўлиши, дастлабки босқич гуруҳларида, айниқса сўнгги турларда интрига сақланиб қолиниши мумкин эди. Масалан, айни пайтда Ўзбекистон ва Эрон кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган, ҳатто қайси саватчаларда ўрин олиниши ҳам маълум. Агар 3-босқич қуръасида саватчалар гуруҳдаги эгаллаган ўринларга қараб шаклланганда, охирги турда Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашув гуруҳ ғолиблиги учун курашга айланиб кетарди. Яъни бу Осиё миқёсдаги мусобақани янада қизиқарлироқ қилади.

Шубҳасиз, рейтинг ҳам керакли, нафақат ФИФА, УЕФАда ҳам клублар миқёсдаги турнирларда ҳам бундай усулдан фойдаланишади. Аммо бу ерда бир фарқ бор.

Масалан, Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланганда клубларнинг ва чемпионатларнинг рейтинги инобатга олинади. Европа жамоаларининг ЖЧ саралаш ўйинларида ҳам гуруҳларга бўлинаётганда УЕФА рейтингига асосан саватчалар аниқланади. Аммо эътибор берсангиз, бу турнирнинг бошланиш пайтидаги жараён. Европада саралаш ўйинлари ўзи бир босқичли форматда ўтади. Чемпионлар Лигаси плей-офф қуръасида эса, клублар рейтинги энди ҳеч нарсани ҳал қилмайди, гуруҳда қайси жамоа нечанчи ўринни олганига қараб икки томонга ажратилади. «ПСЖ» ўз гуруҳида 2-ўринни олса, иккинчи саватчадан, айтайлик, «ПСВ» ўз гуруҳида 1-ўринни олса, биринчи саватчадан жой эгаллайди. Бу ерда Нидерландия клуби клублар рейтингида «ПСЖ»дан қанчалик пастроқда экани инобатга олинмайди.

Осиёдаги жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари бир неча босқичлардан иборат яхлит бир мусобақа эканини инобатга олсак, босқичлар орасидаги қуръалар айнан шу турнирдаги иштирок, аввалги гуруҳларда эгаллаган ўринга қараб амалга оширилиши адолатлироқ бўларди, деб ўйлайман. Эсингизда бўлса, ЖЧ-2014 саралаш ўйинларида биз Японияни ҳам ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни олганмиз, аммо кейинги босқич қуръасида биз эмас, японлар биринчи саватчадан ўрин эгаллашган.  

Албатта, бу ишнинг қоғоздаги қисми. Аслида бошқачароқ йўл ҳам бор. Масалан, Ўзбекистон миллий жамоаси бу сафар қийинроқ бўлса-да, жаҳон чемпионатига чиқади, кейинги циклларда ҳам барқарор натижаларни қайд этади ва рейтингда кўтарилади. Ана шунда биз худди Япония ёки Эрон сингари доимий равишда юқорироқ саватчалардан жой эгаллайверамиз ва бунинг адолатсиз экани ҳақида нолишни бошқа мамлакатлар журналистларига қўйиб берамиз.

Қ.Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар