Туркманистон миллий жамоаси бош мураббийи Мерген Ўразов ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Ўзбекистон билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Иккала жамоага ҳам яхши ўйин тилайман. Ўзбекистон — кучли жамоа, ажойиб ижрочиларга эга. Аммо жанг қилишга тайёрмиз. Ҳимояда тартибли ўйнаб, вазиятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Анталияда икки ҳафта тайёргарлик кўрганимиз? Шароитлар ва локация томонлама қулай эди.
Ўзбекистонга қарши 2-бўлимларни ёмон ўтказаётганимиз? Буни таҳлил қилдик. Кўп омиллар бор. Тажриба, концентрация, чемпионатимизда рақобат йўқлиги ва футболчилар босимга тайёрмаслиги. Камчиликларимизни биламиз.
Ўзбекистоннинг заиф томонлари? Айтиш қийин. Сўнгги 5 йилда жамоангиз кучайди, легионерлар кўпайди, мураббий тажрибали. Фақат актив прессинг йўқлигини айтиш мумкиндир. Бошқа заиф жиҳатларни кўрмаяпман», — дея Ўразовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Ўзбекистон — Туркманистон баҳси эртага, 6 июн куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 19:30да бошланади.