04.06.2024 16:10
5169
«Ахиллеснинг товони». Санчонинг Манчестердаги саргузаштлари

Дортмунднинг «Боруссия» клуби Чемпионлар Лигаси финалига чиққач, айниқса, Жейдон Санчонинг яримфиналда «ПСЖ»га қарши ажойиб ўйинидан кейин, турли мулоҳазалар кўпайди – гўёки, Санчо Эрик тен Ҳаг ва «Манчестер Юнайтед»га ўз даражасини кўрсатиб қўйди, манчестерликлар турнир йўлланмасини ҳам ололмаётган бир пайтда, у Чемпионлар Лигаси яримфиналида порлаяпти.

Аввало, Санчонинг истеъдодига шубҳа қилмаган ва бу ҳақида «МЮ» клуби ҳам муштарак фикрда эканини таъкидлаган ҳолда, аслида футболчи оламшумул даража кўрсатмаётганини ҳам айтиш керак. Санчодек футболчини «МЮ» арзонроқ суммага сотишга мажбур экани анчадан бери маълум бўлиб ҳам, у учун бозорда ҳеч қандай навбат кузатилмаётгани, бошқа топ-клублар уёқда турсин, ҳатто «Боруссия»нинг ўзи ҳам Санчонинг катта маошини тўлашдан қочиб, фақат ижара ҳақида ўйлаётганини ҳам эътиборга олиш керак. Нега бирор инглиз клуби ёки «Бавария», «ПСЖ» каби пули бор клублар Санчони сотиб олишни ўйламаяпти?

Яқинда Гари Невилга интервью берган Бастиан Швайштайгер Манчестерга Жозе Моуриньо келганидан кейинги воқеаларни айтиб берди.

«Жозе келганидан кейин, илк бор Каррингтонга борганимда Златанни кўрдим. Бирга шуғулландик. Оҳҳо, зўр-ку, Златан майдонда нима қилишни биладиган футболчи, у билан бирга ўйнаш қизиқ бўлади, деган фикр ўтди хаёлимдан. Эртасига, туғилган куним эди. Машғулотга борсам, киришда Жон Мерто кутиб олди.

- Сен ечиниш хонасига кира олмайсан

- Нега?

- Шунақа топшириқ бўлди.

- У ерда нарсаларим бор эди, олиб чиқиб бера оласизми? Кейин, энди мен нима қилишим керак?

- U-16 жамоамиз бор, масалан.

Шундан сўнг, мен ёшларнинг ичига қўшилдим».

Бастиан жамоани тарк этмади ва индамасдан, ёшлар билан шуғулланиб юрди. Лекин бирор марта норозилигини очиқ ифода этмади, немис матбуоти томонидан қатор провакацияларда ҳам жим қолди. Бир неча ой ўтгач, Моуриньо уни асосий таркибга қўшди, бир неча кубок ўйинларида майдонга ҳам тушди, гол урди. Баҳорда МЛС клубига трансфер қилинди. Ҳалигача, «МЮ» мухлиси эканини яширмайди, муҳим ўйинларда ижтимоий тармоқларда омад тилайди, баъзида «Олд Траффорд»га ташриф буюрганида олқишлар билан кутиб олинади.

Кейинчалик, Жозе Моуриньо Бастиан билан нотўғри муносабатда бўлганини тан олди. У билан яқиндан танишиб, вазиятга бўлган муносабати туфайли, футболчига хурмати ошганини, таркибга қўшмагани катта хато бўлганини кўп айтади.

Жейдон Санчо Сулшер даврида катта пулга «Боруссия»дан олиб келинган. У Дортмундда ўнг қанотда ҳам, чап қанотда ҳам самарали ҳаракат қилган, «МЮ» уни кўпроқ ўнг қанотга мўлжаллагани шубҳасиз, зеро Рэшфорд ва Марсиял билан чап қанотда муаммо йўқ эди.

Ўша ёзда яна Криштианунинг ҳам трансфер қилиниши «МЮ» ҳужум чизиғидаги вариантларни кўпайтириб юборди – Гринвуд, Рэшфорд, Кавани, Жеймс, Марсиял, Санчо, Криштиану. Жеймс сотиб юборилган бўлса-да, Санчонинг трансфери ва Каванининг қайтиши Роналдунинг келиши номаълум бўлган пайтда амалга ошган. Сулшерга шунча футболчига уч позицияни тақсимлаш осон эмас, клуб ва лига учун янги бўлган Санчога янада қийинроқ бўлиши табиий.

Шунингдек, Санчонинг дастлабки ойларда АПЛ темпига дош бера олмаганини жамоадошлари ҳам айтган – «Ньюкасл» билан ўйинда илк бор дастлабки дақиқалардан тушиб, танаффусда нафас олиши қийинлашган. Хуллас, Сулшернинг истеъфоси, Каррик, Рангник (германиялик мутахассис келганида, унинг услубига яқин бўлган Санчонинг ниҳоят ўз даражасига қайтишини тахмин қилиганди), учала мураббийда ҳам Санчо асосий таркибнинг аъзоси бўла олмади. Ҳатто Гринвуд кетиб, ўнг қанот бўшаб қолганда ҳам, аввалига Санчо мунтазам ўйнаб, кейин жароҳатлар туфайли Элангага рақобат бой берилди.

Эрик тен Ҳаг келгач, дастлабки ўйинларда Санчо яна асосий таркибга қайтди, «Ливерпул», «Лестер» дарвозасига голлар урди. Аммо катта суммага Антонининг келиши Санчога таъсир қилди. Кузга келиб, кичик жароҳат олди ва формага қайтолмади. Тен Ҳаг уни нафақат жисмонан, балким руҳан ҳам қувватлаш учун турли босимлардан четга, Нидерланияга жўнатди, у ерда икки ой алоҳида шуғулланди. Қайтган пайтда чап қанотда Рэшфорд энг зўр даврини ўтказаётган, Бруну эса ўнг қанотга ўтказилганди. Тен Ҳаг таркибга Санчони ҳам интеграция қилиш йўлларини излади, баъзи ўйинларда марказда ҳам синаб кўрди.

Ёзги йиғинлар пайтида ҳам Санчодан фаол фойдаланила бошланди. У «Арсенал»га қарши ўртоқлик ўйинида «алдамчи тўққизлик» позициясида ўйнаб, гол ҳам урди. Аммо дастлабки уч ўйинда у захирада қолдирилди. Табиийки, ўнг қанотда ўйнашга Санчо ўзини Антонидан кўра лойиқроқ ҳисоблаган ва бу тўғри бўлиши мумкин. «Арсенал» билан ўйин олдидан ушбу ўйинга тушадиган таркиб қолганлар билан назорат ўйинини ўтказиши, нариги таркиб «Арсенал» тактикасида тўп суриши керак эди. Санчога «Арсенал» тактикасидаги жамоада ўйнаш топширилгач, у кўрсатмаларни тўғри амалга оширмади ва кўп марта Тен Ҳагдан танқид эшитди. Мураббий уни бутунлай «Арсенал»га қарши ўйин қайдномасига киритмади.

Мағлубиятдан сўнг (2:3) тен Ҳагдан Санчо ҳақида сўрашди. Мураббий футболчи аввало машғулотларга тўғри муносабатда бўлиши лозимлигини айтди. Бу гаплар Санчога ёқмади ва ўша оқшом ижтимоий тармоқларга чиқиб, ҳаммаси ёлғон экани, ундан айбдор ясашга чек қўйилиши кераклиги ҳақида қаттиқ пост қолдирди. Албатта, тен Ҳагнинг ўз шогирдини омма олдида танқид қилиши нотўғри, аммо амалиётда бу ҳолат кузатилади, Конте, Пеп, Тухел, умуман ҳамма мураббийдан шундай баёнотларни топиш мумкин. Лекин футболчининг ўзи ўйнаб турган клуб мураббийига нисбатан очиқ уруш эълон қилиши жуда ҳам кузатилади, нормал қабул қилинмайди ва қандай тугаши маълум.

Тен Ҳаг буни илк ҳолатда эмас, аввало, Санчога бир йил имкон берилгани, матбуотдан, ҳаммадан уни ҳимоя қилганидан кейингина, мағлубиятдан сўнг шундай қилишга мажбур бўлди. Санчонинг постидан сўнг у асосий таркибдан четлатилди. Узр сўраш талаби қўйилди.

Санчода аксини исботлашнинг бошқа йўли ҳам бор эди. Шу воқеадан икки кун ўтиб Антонига жиноий иш очилгач, ўнг қанот бўш бўлиб қолди. Тен Ҳаг у ерда Пелистрини, Мактоминейни ўйнатди, умуман вингерларсиз схемани ҳам синаб кўрди. Санчо шунчаки бир узр билан таркибга қайтиш ва қисқа муддатни бу позицияни ўзиники қилиб олиш имкони бор эди. Жабрдийда бўлиш, осонроқ, албатта.

Агар яхшилаб эътибор берсак, Санчонинг «МЮ»га мослашиши учун керагидан ҳам ортиқ шароит бўлган аслида – аввал Роналдунинг келиши унинг юз миллионлик трансферини эътибордан четда қолдирди, бу Санчо учун аста секин жамоага мослашиш учун айни муддао эди. Кейин, Санчонинг ўйин услубига мос бўлган ва уни жамоанинг асосий фигурасига айлантиришга бел боғлаган Рангник келди. Аммо турли мураббийлар қўл остида ўтган Санчонинг икки ярим йилида бармоқ билан саноқли рақамда ростанам юқори савиядаги ўйинларини топиш осон эмас.

Яқинда, Санчо ўшанда узр сўрамаганининг сабаби очиқланди. Агар Санчо узр сўраса, Эрик тен Ҳаг ҳақ бўлиб чиқар, Санчо омма кўз ўнгида дангаса экани исботланар экан. Аммо юқорида айтилгандек, футболчида доим бошқа, яхшироқ йўл бор – у ҳамма нарсани майдонда исботлаши мумкин.

Жейдон Санчонинг трансфери учун кураш бўлмаётганининг сабаби ҳам фақат Манчестердаги воқеалар эмас. Унинг «Боруссия»дан кетиши ҳам жанжалли тус олгани, аввалроқ, «Манчестер Сити»дан Дортмундга ўтишини ҳам эслаш мумкин. Бир пайтлар, «МЮ» Пол Погба учун юз миллионга яқин пул тўлагач, аввалроқ, уни «Ювентус»га текинга кетишига йўл қўйган Алекс Фергюсон танқид остига олинганди, аммо якунда, аслида Фергюсон ҳақ бўлиб чиққанини, футболчидаги характер туфайли, унга ён босиш келажакда муаммо туғдириши мумкинлигини сезганини ҳам кўрдик.

- Бутун дунё ишонмай турган бўлса ҳам, мураббий ўз шогирдига ишонч билдириши керак, - деди яқинда Юрген Клопп.

Албатта, Санчонинг вазиятини икки томон учун фойдалироқ, чиройлироқ ечиши мумкин бўлган бошқа мураббийлар ҳам бор. Ҳаммадан Клопп ёки Анчелотти бўлишни талаб қилиш ҳам нотўғри. Баъзиларнинг ўз характеридан келиб амалга ошира олган ютуқларини қоида тариқасида барча учун киритмаслик керак. Ўз навбатида, ҳаммадан Швайштайгер бўлишни талаб қилиш ҳам нотўғри. Эсласангиз, ўз вақтида Капелло ҳам Давид Бекҳэмга жамоа билан шуғулланишни тақиқлаган, аммо фурсат туғилиб, қайтганида у Мадриддаги энг яхши даврини ўтказиб, «Реал»ни чемпионлик сари олиб борганди.

Бундай вазиятларда ҳақ ва ноҳақни топишдан кўра, қандай ечим умумий жамоага қай даражада таъсир қилишини инобатга олиш керак.

Мураббийлар натижа учун бош жавобгар, бирор нарса бўлса, аввало, уларнинг истеъфоси тилга олинади, жамоавий муҳит ҳам уларнинг гарданида экан, ҳеч қачон мураббий ва футболчи зиддиятида икки тарафни тенг кўрмаслик керак. У ҳолда, ҳамма ўзини асосий таркибга лойиқ ҳисоблайди, ҳамманинг ўз субъектив қараши, қўшимчасига агентларнинг манфаатидан тортиб, журналистларнинг кликбейти аралашгач, бу жамоани издан чиқаради.

Бундай зиддиятларнинг салбий таъсири эса кўпинча, натижалар ёмонлашганда юзага чиқади. Мисол учун, бир йил олдин Криштиану Роналду бундан ҳам каттароқ зиддият билан клубни тарк этган, аммо «МЮ»нинг майдондаги натижалари яхши бўлганидан, бу ҳолат деярли унутиб юборилган. Ёки кейинроқ, Рэшфорд машғулотга атига қирқ сония кеч қолгани учун «Вулверҳэмптон»га қарши асосий таркибдан четда қолганини эслайлик. Рэшфорд ўша ўйинда захирадан майдонга тушди ва ғалаба голини урди. Ўйиндан кейинги интервьюда Эрик тен Ҳаг тўғри қарор қабул қилганини, хато унда эканини тан олиб, бошқа такрорламасликка ваъда қилди. Тасаввур қилинг, шундай воқеалар охирги мавсумда, натижалар жуда ёмон даврларда рўй берса? Рэшфорд худди шундай иш тутар, матбуот Роналдуни бунча тез унутиб юборармиди?

Мағлубиятлар ҳар қандай мураббийни ҳимоясиз қилиб қўяди. Моуриньо, Клопп каби мураббийлардан тортиб, собиқ футболчи-ю экспертларгача унга тош отиши, шу орқали ўзини ақллироқ, яхшироқ намоён қилиши мумкин. Энг осони бу. Эътибор қилсангиз, тен Ҳаг ҳақидаги айни фикрлар кубок финалидан олдин сал бошқача, финалдан кейин бошқачароқ туюлмоқда. Ожиз даврда, мураббий ўзини оқлолмаётган палладаги турли провакациялар, мулоҳазалар ҳар қандай аҳил жамоага ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.

Шунинг учун ҳар қандай клубда кузатиладиган бундай зиддиятларда доим мураббий тарафида бўлиш лозим, назаримда. Сэр Алекс айтганидек, қачонки бирор футболчининг эътибори мураббийдан ошиб кетар экан, бу жамоада ҳаммаси тугайди.

Қаҳрамон Асланов

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар