Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоасининг июн ойидаги йиғинига келиб қўшилди ва Туркманистон ҳамда Эронга қарши ўйинлар олдидан фикрларини билдирди.
«Барчамиз аъло кайфиятдамиз, кўпчилик жамоаси сафида мавсумни якунлаб, миллий жамоага келди. Ҳа, биз ЖЧ-2026 2-саралаш босқичида гуруҳдан чиқиш вазифасини бажарганмиз, шунга қарамай 1-ўринни эгаллаш биз учун муҳим. Бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Кейинги мавсумни қаерда ўтказаман? «Рома» билан шартномам бўйича «Каляри»дан яна Рим клубига қайтдим. Буёғига нима бўлишини кўрамиз.
Олимпиадага бораманми? Чақиришса борамиз (кулади). Клуб ҳам рухсат бериши керак. Мураббий истаса, Олимпиадага бориш мен учун шараф бўларди.
Туркманистон 3-ўринни эгаллаш учун ҳам очко учун кўпроқ ҳаракат қилади. Аммо биз уйда ютишимиз шарт деб ўйлайман. Эрон билан баҳс ўзига хос дербига айланади, деб ўйлайман. Шу боис бу баҳс ҳам биз учун жуда муҳим.
«Озоди»даги босим? Ҳа, у ерда бир марта ўйнаганман, аммо ютиш учун бунга эътибор бермасликка ҳаракат қиламиз», - дея Шомуродовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Маълумот учун, Ўзбекистон 6 июн куни Тошкентда Туркманистонга қарши, 11 июнда эса сафарда Эронга қарши майдонга тушади. Эрон ва Ўзбекистон Е гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаб, ҳал қилувчи босқичга чиқиш масаласини ҳал қилиб улгурган. Бу баҳслардан кейин гуруҳ ғолиби номи маълум бўлади. Ҳар икки жамоа ҳисобида 10 очкодан мавжуд.