02.06.2024 18:22
7170
«Катта воқеа». Мбаппе ва «Реал» бирлашуви ҳақида

Мбаппенинг «Реал»га ўтиши аниқ бўлди. «Твиттер»да шундай ёзишганини кўриб қолдим: «Мбаппе келса, энди Чемпионлар Лигасини ютишимиз осонроқ бўлса керак».

Дарҳол хаёлимга 2002 йилда «Реал» ушбу турнирда ғалаба қозонгани ва ўша ёздаёқ бразилиялик Роналдо трансфер қилингани келди. Балким ўшандаям бирор мухлис ўйлагандир - энди Чемпионлар Лигасини осонроқ ютамиз.

Ундай бўлмади, «Реал» кейинги Чемпионлар Лигасини ютганда орадан 12 йил ўтиб кетганди.

Аммо бу билан Роналдо трансфери хато бўлганини, аксига, «Реал» кучсизланганини айта оламизми? Йўқ, албатта.

Ҳар қандай футбол клуби доимий шаклда ўзгариб туришга мухтож, бир нуқтада тўхташга уриниш ортга кетишни англатади. Мадридликлар анча йиллардан бери Европада чўққида турганининг ҳам сабаби шу - Роналдонинг кетиши, кейин Бенземанинг кетиши, Беллингҳемнинг келиши, энди Мбаппе, бу ўзгаришлар жамоадаги доимий янгиланишни таъминлайди, келаётганлар янги саҳифа ва мотивация билан келар экан, эскилар бошқа шериклар, бошқача тактикаларда ўйнаш орқали доимий иштиёқда бўлади. Муҳим жараён.

Иккинчидан, «Реал» - қироллик клуби, бу фақат ном эмас, аввалдан Мадрид футболнинг пойтахти бўлишга, урфларни белгилашга интилади, клубнинг энг бой, энг мухлислари кўп бўлишининг сабаби ҳам фақат совринлар эмас. Масалан, Бекҳэмнинг киноси чиқди яқинда, унинг тарихида «Реал» саҳифаси бор, Кака ўйнаб кетган, Зидан, Роналдо, яъни «Реал» энг зўр юлдузларнинг ҳикояларида ўз изини қолдиришга уринади, ҳар даврда «Реал» номи бўлиб туриши катта аҳамиятга эга. Ёш болаларда, ёш мухлисларда Мбаппега бўлган қизиқиш жуда катталигини пайқашингиз мумкин, у ҳар томонлама энг етук, энг зўр футболчи сифатида гавдаланади. Табиийки, бундай футболчи «Реал»да ўйнаши керак. Клубда шундай ҳисоблашади. Унинг жамоани қай даражада кучайтириши, кимларнинг ўрнини олиши-ю, Винисиус билан муносабати тарих олдида жуда кичик, майда масалалар. Асосийси, буни футболчилар ҳам билиб туришади. Ҳар бир топ-клуб интилиши керак бўлган юқорироқ даража.

Бундан ташқари, Мбаппенинг айнан Анчелотти даврида келиши ҳам муҳим. Менимча, айнан шу фактор Анчелоттини яна бир йил олиб қолишда аҳамият касб этган. Маълум схема ва услубга таянадиган ёш мураббийлар учун қўшимча муаммо бўлиши мумкин эди бу, лекин Карло учун эмас.

Қаердадир яқинда ўқидим, Анчелотти «Парма»да ишлаган йиллари Баджодан воз кечган экан:
- Баджони  «Парма»га ўтиш варианти бор эди, аммо уни жамоамда тасаввур қилолмадим, чунки одатда «ўнлик» позицияси менда йўқ эди. Кейинчалик, хато қилганимда пайқаганман. Мени «учинчи антибаджо мураббий» деб атай бошлашди. «Ювентус»га ўтганимда Зидан билан шундай схемада ўйнашга тўғри келганди. Аслида, юлдуз футболчилардан ҳеч қачон воз кечмаслик керак, доим уларга мос ўрин топиб бериш мумкин. Агар вақт машинаси бўлганида, қайтиб, Баджони сотиб олган бўлардим, - дейди Карло Анчелотти.

Бу шунчаки фикр эмас, фаолияти давомида Анчелотти буни исботлаб келди. Ҳатто «Эвертон»га Хамесни олиб келганини ҳам эслаймиз - юқори савиядаги футболчилар ҳеч қачон халақит қилмайди. 

«Мен ҳатто тасаввур қилмаган қобилиятларимни Анчи кашф этди» - дейди Жуд Беллингҳем. Ўзига яраша эгоси бўлган Жуд ва Винисиуснинг бир бирига «Олтин тўп» «тортиқ қилаётганини» кўриб, Анчелоттининг «Реал»ида Мбаппе ҳеч қанақасига ортиқча бўлмаслигини тан оласиз. 

«Реал» Мбаппе билан билан қанчалик кучлироқ бўлади, келаси йили Чемпионлар Лигасини ютадими, ишонинг, бу бошқа масала. Бугундан туриб, эски «Реал»ни эслаганингизда бразилиялик Роналдо ҳам гавдаланади, тўғрими? У Чемпионлар Лигасини ютганмиди, йўқми, жамоа қанчалик кучайганди, буларни ўйламайсиз ҳам. 

Ҳамма гап шунда. Мбаппенинг «Реал»да ўйнаши, ўйлайманки, йигирма йилдан кейин эсланадиган зўр воқеа. Чемпионлар Лигаси совринлари бундай тарихдан кичикроқ. Камида «Реал»дан ўн беш баробар кичик...

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар