2025 йилдан бошлаб, Ўзбекистон миллий жамоаси Халқаро хоккей федерацияси турнирларига қўшилади.
Ўзбекистон хоккей миллий жамоаси 2025 йилдан бошлаб, Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) томонидан ташкил этиладиган жаҳон чемпионатининг энг қуйи – IV дивизионида иштирок этади. Бу ҳақда IIHF тақвимида маълумот берилган.
Ўзбекистон хоккейчиларига Эрон, Кувайт, Индонезия, Малайзия ва Арманистон хоккейчилари рақиб бўлади. Мусобақанинг ўтказилиш санаси ва жойи ҳали белгиланмаган. Бу Ўзбекистон хоккей миллий жамоаси учун тарихдаги биринчи турнир бўлади.
Ўзбекистон хоккей федерацияси 2019 йилдан буён IIHF аъзоси ҳисобланса-да, ҳали миллий терма жамоа йўқ. Чунки қаторасига 3 йил давомида ички чемпионат ўтказиш шарти бажарилиши лозим. Бу йил ушбу шарт бажарилиши кутилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган хоккейчиларнинг терма жамоаси бор. У икки марта Осиё ва Океания Кубогида ғалаба қозонган.