Ўзбекистон Суперкубоги ўйини доирасидаги «Пахтакор» - «Насаф» (1:1, пен – 3:4) баҳсидан кейин пеналтилар серияда қаҳрамонга айланган қаршиликлар дарвозабони Абдувоҳид Неъматов мухлисларга миннатдорчилик билдирди.
«Анчадан буён пеналти тепиш ниятим бор эди, Худога шукур бугун насиб қилган экан, омадим келди. Менга ишонишди ва ишончни оқладим.
Исталган жамоа битта ўйинга яхши тайёргарлик кўриши мумкин. Энг асосийси суперкубокни Қашқадарёга олиб кетамиз.
Чераннинг пеналтиси? Биринчисида у мени алдади, иккинчисида унинг айнан ўша нуқтага тепишини сездим ва зарбасини қайтардим. Зарбани охиригача кутганим яхши бўлди.
Футболчи учун бундай пеналтилар серияси ҳаётида бир марта бўлиши мумкин. Ажойиб тугаганидан хурсандман. Жамоамиз марказий ҳимоячисиз ўйнагани менга босим юклагани йўқ.
Атмосфера? Бугун мухлисларимиз қаршисида, ўз уйимизда ўйнагандек бўлдик. Қаршидаги ўйинларимизда ҳам бунча мухлис кирмаётганди. Билишмча, 14 мингдан кўпроқ томошабин кирибди. Мухлисларни ишончини оқлаб, суперкубокни ютганимиздан жуда ҳам бахтиёрман. Қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдираман. Шу қаторда мени уйдан кузатаётган ота-онамга раҳмат дейман, бугунги ғалабани яқинда туғилган фарзандимга бағишлайман. Ғалаба ҳаммага муборак бўлсин», - дейди Абдувоҳид Неъматов учрашувдан кейин «Спорт» телеканалига.