28.05.2024 20:21
2739
Теглар
«Насаф»да таркиб борасида муаммо бор десангиз, мен жим турганим маъқул...». Шацких Суперкубок ўйини олдидан

Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги «Насаф» - «Пахтакор» учрашувидан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Максим Шацких ҳамда футболчилар Достон Ҳамдамов ва Диёр Холматов иштирок этишди.

Максим Шацких:

- Эртага футбол ўйнашни яхши кўрадиган икки жамоа тўқнаш келади. Ўйинларимиз доим қизиқарли кечади. Майдон ҳолати жуда яхши ва эртага мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишга интиламиз.

Суперкубок мавсум давомида ютиш мумкин бўлган совринлардан бири. Таркибимиздаги кўп футболчилар ҳали ёш, улар майдонда ўзлари соврин ютишлари мумкин. Биз бор кучимизни берамиз.

«Насаф»да таркиб борасида муаммо бор десангиз, мен жим турганим маъқул. Ҳар бир учрашувдан кейин жароҳат ёки дисквалификацияга дуч келяпмиз. Охирги ўйинларда вазиятларимизнинг ярмидан фойдаланганимизда ҳам биз бир неча баҳсларни биринчи бўлимдаёқ якунлаган бўлардик. Лекин бошқа жамоалар ҳам меҳнат қилмоқда, қаршилик кўрсатишмоқда. Ҳозир осон енгилаётган ёки бошқалардан ажралиб турган жамоа йўқ. Чемпионат ўсиб боряпти деб ўйлайман. Биз эса ёшлар билан барқарор ўйин намойиш қилишимизга вақт керак.

Пенальтилар тепишда босим бўлади, шу сабабли уни қандай машқ қилиш мумкин, билмайман. Буюк футболчилар ҳам пенальтиларда хато қилишган. Рақибнинг қандай тепиши, жарима ва бурчак зарбалари устида ишлаш мумкин. Мухлисларни яхши ҳавода чиройли футболдан завқ олишга таклиф қиламан.

Достонбек Ҳамдамов:

- Баҳсга яхши тайёргарлик кўрдик. Майдон сифати яхши эканини кўрдик. Ишқибозларимизни ғалаба билан хурсанд этишга уринамиз.

Пайтида биз ҳам ёш бўлганмиз. Катталар маслаҳат берган, улардан хулоса чиқарганмиз. Ёш футболчилар ҳам шуни тушуниши керакки, бу улар учун берилган ажойиб имконият. Катта футболда ўзларини кўрсатиб, келажакда юқори даражага чиқишлари мумкин. Соврин ютишлари учун ҳам қулай пайт. Кўпчиликлари илк бор "Бунёдкор" стадионида ўйнашади.

Диёр Холматов:

- Ҳаммага салом. Жамоамизда кайфият яхши, эртанги беллашувга тайёрмиз. Совринни қўлга киритиб, мухлисларга ёқимли онлар тақдим этмоқчимиз, - дея футболчининг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Маълумот учун, Суперкубок учрашуви 29 май куни соат 19:00да «Бунёдкор» стадионида ўтказилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар