Англия кубоги финалида «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозонгач, клубнинг янги раҳбарлари жуда қийин дилемма қаршисида қолишди: Эрик тен Ҳаг кетиши керакми ёки йўқ? Назаримда, INEOS учун дастлабки муҳим ва масъулиятли қарор ҳам шу бўлади.
Клубдаги турли йўналишларни ривожлантириш учун пул тикиш, кадрлар масаласида бир қатор ўзгаришлар, ҳаммаси кутилган ва тушунарли қарорлар, аммо бош мураббий масаласи баҳсли ва муҳокама учун жуда очиқ бўлганидан, унинг ортидан келадиган босимларга ҳам дош бера олиш керак бўлади.
Аввало, нега шу пайтгача, Рэтклифф ва унинг шериклари омма кўз ўнгида Эрик тен Ҳаг масаласини очиқ қолдираётганига изоҳ бериш керак. Менимча, ҳаммаси тўғри амалга оширилмоқда. Кўпчилик ушбу ноаниқликни танқид қилмоқда, лекин қаранг, жамоа жуда ёмон мавсум ўтказган бўлса-да, кубок финали олдидан мураббийни истеъфосини эълон қилиш – яхши йўл эмас. Мураббий қолишини расман баёнот билан айтиш ҳам нотўғри йўл – чунки, агар финалда ҳам «МЮ» мағлубиятга учраганда, тен Ҳагни ҳеч ким олиб қолмасди, шубҳасиз. Хўш, унда финалдан кейинги жимлик нимага?
Тасаввур қилинг, жамоа финалда ғалаба қозонади ва дарҳол тен Ҳагга яна имконият берилиши ҳақида айтилади. Унда қарор биргина ўйин натижасидан келиб чиққанини тан олиш бўлиб қолади-ку? Бу ҳам нопрофессионаллик. Яъни INEOS қандай қарорга келишидан қатъи назар, вазият чўзилаётгани тушунарли, биринчидан, таҳлиллар бир учрашув натижасидан келиб чиқмаётганини намоён қилиш, иккинчидан, ҳозир бўш бўлган турли мураббийларни ўрганиб, уларни тен Ҳаг билан солиштириш.
Энди бир қатор машҳур саволларга жавоб излаб кўрамиз.
Жароҳатлар ростан ҳам жиддий аргументми?
Ҳа, тен Ҳаг фаолиятига баҳо беришда бу факторнинг аҳамияти катта бўлиши шубҳасиз. Мавсум давомида 60 дан ортиқ жароҳатлар содир бўлди, биргина марказий ҳимоя чизиғида 15 хил комбинация синаб кўрилди. Деярли бутун мавсум чап қанот ҳимоячиси мавжуд бўлмади ва ҳоказо. Мартинес сафга қайтганида, оз вақт январда, кейин, сўнгги турлар, кубок финалида ҳам «МЮ» нисбатан анча яхши ўйин кўрсата олгани ҳам жароҳатлар тен Ҳагга жиддий халақит берганини кўрсатади. Гап бу ерда фақат майдонга туша олмаган футболчиларнинг сонида ҳам эмас. Мисол учун Мартинес нафақат оддий марказий ҳимоячи, балким умуман ўйин услубига таъсир кўрсатадиган мурват ҳисобланади. Тен Ҳаг футболи юқори прессингга асосланган, Мартинес – Варан жуфтлигисиз эса бунинг иложи йўқ. Магуайр, Эванс ёки Линделёф каби ҳимоячилар асосан қуйи блокда самарали ҳамда юқори тезликка эга эмас. Бу футболчилар билан билд-ап, яъни ҳимоядан ҳужумга аниқ паслар билан чиқиш ҳам қийинроқ. Онана ҳам аслида айнан оёқда тўпни яхши назорат қилиши, пас бериш бўйича Де Хеадан яхшироқ экани учун ҳам сотиб олинган. Жароҳатлар натижасида, мураббий икки асосий қуролларининг биридан маҳрум бўлди.
Трансферлар
Тен Ҳагга қўйиладиган энг катта айблардан бири. Антони, Каземиро, Маунт каби футболчиларга катта пул тўлангани бугунги «МЮ» таркиб жиҳатидан пешқадамлардан узоқ эканининг сабабларидан бири сифатида кўрсатилади. Ахир шу футболчиларга сарфланган бир неча юз миллионга рақобатбардош, чинданам кучли таркиб тузиш ҳам мумкин эди-ку?
Албатта, тўғри айблов, аммо бу ҳам клубда яхши тизим йўлга қўйилмаганини кўрсатади. Аслида трансферларга, айниқса нархларга мураббий жавоб бермаслиги керак. «Аякс»нинг ўзи 60 миллион баҳолаб турган футболчига 100 миллионни, шартнома муддати бир йилгина қолган Маунтга 70 миллионни тен Ҳаг бермаган. Табиийки, ҳар қандай мураббий янги футболчиларга қарши бўлмайди, имкон қадар таркиби кучлироқ бўлишини истайди. Пулларни тўғри сарфлаб, таркиб шакллантириш устида ишлаш аввало спорт бўлимининг вазифаси бўлиши керак. Бу бўлим «Олд Траффорд»да йўқ.
Шунингдек, Кобби Майну ва Гарначо сўнгги икки йилда «МЮ»да деярли текинга пайдо бўлган активлар Эрик тен Ҳагнинг хизматидир. Танганинг бу томонини ҳам инобатга олиш керак.
Тен Ҳаг эплай олмадими?
Албатта, ҳеч ким жароҳатлардан кафолатланмаган. Яхши мураббий бир ёки бир нечта футболчининг мавжуд эмаслигидан бу қадар тубга тушиб кетмаслиги лозим. Натижаларда нидерландиялик мураббийнинг ҳам бевосита хато қарорларининг улуши ҳам кўп. Финалдан кейин у доим агар ҳамма формада бўлса, жамоа яхши ўйин кўрсата олишини айтиб келганини таъкидлади, лекин мураббий шу билан бирга, мавжуд футболчилар билан ҳам максимал ўйинни кўрсата олиши керак.
Масалан, юқорида айтдик, бу ҳимоячилар билан юқори прессинг имконсиз. Тен Ҳаг бор футболчилардан келиб чиқиш ўрнига, ҳам юқори прессинг, ҳам қуйи блокни аралаштирди, бу эса майдон марказида жуда катта бўшлиқ пайдо қилдики, дангаса бўлмаган ҳамма жамоа фойдаланди. Савиядан қатъи назар, сал бўлса-да, ўз ўйинига эга ҳар қандай жамоа «МЮ»ни жазолади. Ахир анча зичроқ бўлган ва прессингга ҳам шароит яратадиган 4-2-2-2 схемаси билан «Нюкасл», «Брайтон» ва «Сити» мағлуб этилди, нега аввалроқ бу экспериментлар амалга ошмади?
Кадрлар масаласида ҳам шу гап. Амад ёки Амрабат каби футболчилар аллақачон фойдали бўлиши мумкин бўлган пайтда, Рэшфорд ва Каземирога ортиқча ишониб юборилгани, яъни, турли тактик схемалар ва ротациялар орқали оптимал ечим топиш ўрнига тен Ҳаг жароҳатланган футболчиларнинг қайтишини кутиш билан вақт ўтказгани мавсумни ҳал қилди.
Тен Ҳаг – кризис менежер эмас.
Ростан ҳам «МЮ» бу мавсум ҳам жароҳатлар, ҳам турли футболдан ташқари сабаблардан ташқари инқирозга тушиб қолди. Тен Ҳаг бу шароитда жамоани олиб чиқиш ўрнига, у билан бирга инқирозга ғарқ бўлди. Бу тушунарли.
Аммо биринчи савол, инқироз шароитида ҳамма мураббий ҳам ишлай оладими? Анчелотти, ҳа, исботлади, Клопп эса, икки марта «Ливерпул» жароҳатлар гирдобида тўртинчи ва бешинчи ўринларни олди. Тўғри, «МЮ» қадар тубга тушмади, аммо «Ливерпул» ўша инқирозлардан аввалги мавсумларда чемпион жамоа бўлган. Фарқ сезиларли. Айни дамдаги ҳар қандай мураббий, Пеп Гвардиоладан ташқари, фаолиятида бир марта бўлса ҳам истеъфога чиқарилган. Нега? Албатта, қандайдир инқирозни ҳал қила олмагани туфайли. Ўша инқироз «МЮ»дагидан каттароқмиди? Солиштириш қийин.
Иккинчи савол, бир мураббийнинг инқироз шароитида вазиятни эплай олмагани, унинг яхшироқ шароит учун ҳам ёмон эканини исботлайдими? Йўқ, албатта. Балким, тен Ҳаг ўша ўзининг ягона услуби доирасида ҳали ҳам топ-мураббийдир, балким, агар ростан ҳам жароҳатлар бўлмаганда, яхшироқ таркиб билан у юқори ўринлар учун курашарди, худди ўтган йилги каби?
У ҳолда клуб эгалари жамоада инқироз бўлмайдиган шароитни таъминлаб, мисол учун яхши шифокорлар штаби, яхши трансферлар ёрдамида кўпроқ савияли футболчиларни тақдим қилиб, тен Ҳаг учун ноқулай бўлган инқирозни четлаб ўтиш орқали вазиятни ўнглаш мумкиндир? Тан олиш керакки, тен Ҳаг Европа даражасида муваффақиятли ишлаган «Аякс» ва ҳозирги «МЮ» тизимларини солиштирсак, Нидерландия клуби анча барқарор эди.
Номзодлар борми?
Бозорда Клопп, Гвардиола, Анчелотти каби яққол топ даражадаги номзодлар йўқ экан, мавжуд номзодларнинг тен Ҳагдан яхшироқ эканини айтиш қийин. Тухел ва Конте, ҳа, катта совринлар ютган мураббийлар, аммо характер жиҳатидан риск борлигини ҳамма билади. Почеттино ўхшаш шароитда яхшироқ ишлади, дея олмаймиз. Маккена ёки Де Дзерби каби мураббийларнинг топ-клубда, маълум натижа босими остида қай даражада ишлай олишлари номаълум ва ҳоказо. Албатта, яхшироқ қидирилса, таҳлил қилинса, «МЮ»да тен Ҳагдан яхшироқ ишлай оладиган мураббийлар жуда кўп бўлиши мумкин, аммо олдиндан аниқ айтиш қийин.
Аслида истеъфо рўй бериши учун мавжуд мураббийдан аниқ яхшироқ вариант бўлиши ҳам шарт эмас кўпинча. Жамоа қандайдир боши берк кўчага кириб қолади, футболчилар, мухлислар мазкур муҳитдан зерикади, ҳар томонлама, бу ҳамкорлик якунига етгани билиниб туради. У ҳолатда истеъфо бўлиши аниқ, янги мураббий танлаш эса бошқа, алоҳида қарор сифатида баҳоланади. Аммо тен Ҳаг билан вазият ундай эмас: мураббий бир мавсум ўзини яхши кўрсатди, иккинчисида, маълум шароитлар остида муваффақиятли ишлай олмади. Агар мураббий ўз режаларини амалга оширса, жамоа қанчалик кучли бўлиши мумкинлиги, умуман мураббийнинг пик нуқтаси ҳали амалга ошмади, лойиҳа чала. Масалан, Луи ван Гаал ва Моуриньо даврида ҳолат бироз бошқача эди, жамоа нисбатан ўз чўққисига чиқиб, пасайишга ҳам улгурганди.
Мухлислар тен Ҳаг тарафда
Ҳатто кубок финалидан олдин ҳам «МЮ»га мухлислиги билан машҳур кўп мутахассислар ҳам тен Ҳагга яна бир йил имконият бериш кераклигини айтаётганди. Финалдан кейин оддий мухлислар орасида ҳам мураббийнинг тарафдорлари кўпайди. «Уэмбли»даги муҳит ҳам клуб раҳбариятига тен Ҳагнинг истеъфоси жамоатчиликда норозиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатгани шубҳасиз. Энг машҳур United Stand портали сўровномасида тен Ҳагнинг «МЮ»да қолишига 85 фоиз фойдаланувчи овоз берган. Бошқа сўровномаларда ҳам Эрик қувватланмоқда. Бунинг устига, айни дамда «Манчестер Юнайтед» мухлислари учун бу ўринга Эрикдан кўра яққол фаворит бўлган, кўпроқ симпатия уйғота оладиган номзодлар ҳам кўринмаяпти.
Катта дилемма
Финалдаги ғалаба INEOS учун катта бошоғриқ келтириб чиқаргани аниқ. Тўғри, юқорида айтилганидек, биргина ўйин натижаси улкан таҳлилларни йўққа чиқара олмайди, бунинг устига, «МЮ» «Манчестер Сити» каби жамоаларга қарши яхши ўйнаши, рақибга қараб тайёрланиб, режани амалга ошириши мумкин, аммо асосий эътирозлар кичикроқ клублар билан, қачонки рақиб «МЮ»га қарши яхши тайёрланганда юзага келди – Эрик тен Ҳаг доим ишлайдиган, доим вазият яратиб, натижа олиб келадиган ўйин тизимини ҳали кўрсата олмади. Лекин кубок финали ва ундан кейинги эмоцияларни ҳам бутунлай четга қўя олмайсиз, ахир футбол мана шундай совринлар ва мухлислар учун эмасми?
Энди қаранг, агар Эрик тен Ҳаг қоладиган бўлса ва келаси мавсум бошидан яна муаммолар кўзга ташланса, айбдор аниқ – INEOS биргина финалга қараб қарор чиқармаслик керак эди, жамоадаги муаммолар каттароқ экани мавсум давомида кўрилганди.
Агар Эрик тен Ҳаг кетадиган бўлса, ҳамда, бўлиши ҳақиқатга яқин, жамоа бирданига зўр ўйнашни бошламаса, қанақадир муаммолар пайдо бўлса, айбдор аниқ – INEOS Эрик тен Ҳагга имконият бериши керак эди, у икки йил давомида кўп нарсани исботлаганди, муваффақиятсизликлар жароҳатлар туфайли экани кубок финалида ўз кўринганди ва ҳоказо.
Ҳар икки ҳолатда ҳам янги раҳбарлар айбдор бўлади. Бу худди Давид де Хеа ва Онана рокировкасига ўхшаб кетади. Де Хеанинг хатолари, «МЮ» даражасига мос бўлмай қолгани кўриниб турганди, аммо испаниялик посбоннинг салоҳиятини билган ва уни яхши кўрган кўп мухлислар кетишини истамаган. Шунинг учун Андре Онананинг дастлабки ойлари жуда қийин кечди, ҳар бир хатоси де Хеа билан боғланди, «агар де Хеа қолганида яхшироқ бўларди» деган жиддий мулоҳазалар жуда кўп бўлди. Аслида де Хеанинг кетиши ва Онананинг келиши икки алоҳида қарор бўлса-да, испаниялик посбон жамоада қолишни хоҳлагани туфайли, икковини алмаштириш битта яхлит қарордек намоён бўлаверди.
Ҳозирги вазият ҳам ўхшаш. Эрик тен Ҳаг жамоада қолиб, ўз лойиҳасини давом эттирмоқчи бўлиб турган, футболчи ва мухлислар бунга қарши бўлмаётган бир паллада турибмиз. Мавсумдаги ёмон натижаларга кўра мураббийни истеъфога чиқариш – тўғри қарор, аммо агар ўрнига яхшироғи келмаса, яхлит олганда, нотўғри қарорга айланиб қолиш хавфи бор. «Эрик тен Ҳагни истеъфога чиқариш» эмас, «Эрик тен Ҳагни фалон мураббийга алмаштириш» бўлиб қолади энди. Бу эса табиийки, кейинги ишлайдиган мураббийларга ҳам, бу қарорни чиқарадиганларга ҳам катта босим юклайди.
Аслини олганда, охирги ёзганларим масаланинг сиёсий жиҳати. Аслида, профессионал таҳлилга асосланиб, ростан ҳам Тен Ҳаг нолойиқ ёки қайсидир мураббий ундан яхшироқ, деб хулосага келинса, ким нима дейди, бу билан бошқаларга қандай кўринамиз, деган фикрлар кечмаслиги керакдек.
Аммо бу бундай ишламайди, футбол оммавий ўйин. Табиий равишда омма билан ҳисоблашилади. Сизнинг қарорингиз қандай аргументлар асосида юзага келишидан қатъи назар, қачондир шундай қарорлар чиқариш ваколатига эга бўламан, деб фалон миллиард тўлаб қўйган бўлсангиз-да, тепадаги сарлавҳамизда битта вергулга жой топиш нақадар қийин, тўғрими?
Қаҳрамон Асланов