«Атлетик» ҳужумчиси Иняки Уилямс оёғида шиша бўлаги билан 2 йил ўйнагани маълум бўлди.
29 ёшли футболчи сўнгги бир неча ой давомида оғриқлардан қийналди. Икки йил муқаддам Уилямс синган ойнани босиб олган, шифокорлар унга ёрдам кўрсатишган ва тез орада жароҳатидан фориғ бўлганди.
«Испания кубоги финалидан сўнг Инякининг оёғини сканердан ўтказдик ва унда ҳали ҳам шиша бўлаги борлигини аниқладик. Уни биринчи марта тикишганда, шиша бўлаги ўша ерда қолган.
Бундан ташқари, бу кичик бўлак эмас, тахминан 2 см. Суяк ёнида жойлашган.
Тўғрисини айтсам, шифокор ва мен кулиб юбордик, чунки бунга ишонолмадик», — деди билбаоликлар бош мураббийи Эрнесто Валверде.
Эслатиб ўтамиз, Уилямс Ла Лигада кетма-кет 251 та ўйин ўтказиб, Испания чемпионати рекордини ўрнатган. Бу мавсумда серия узилди.