Самарқандда ўтган футзал бўйича жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида турнирдаги дебютини ўтказадиган қўшнимиз – Тожикистон миллий жамоаси амалдаги чемпион Португалия билан бир гуруҳдан ўрин олди. Маросимдан кейин қўшниларимиз бош мураббийи Пайрав Воҳидов фикрлари билан ўртоқлашди.
Тожикистон «Е» гуруҳида Португалия, Марокаш ва Панамага қарши ўйнайди.
«Биз жуда кучли гуруҳга тушдик. Учта қитъа чемпионларига қарши ўйнаймиз. Португалия – амалдаги жаҳон ва Европа чемпиони, турнир фаворити саналади. Марокаш – Африка чемпиони, Панама – Шимолий Амрикада тенгсиз бўлди. Турнирга яхшироқ тайёргарлик кўриб, ўз қитъасининг тенгсиз жамоаларига қарши муносиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», - дея Пайрав Воҳидовнинг қуръадан кейинги фикрларини келтиради Тожикистон футбол федерацияси.
Маълумот учун, E гуруҳи ўйинлари Тошкентда ўтказилади.