Самарқандда футзал бўйича жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросими олдидан Регистон майдонида ФИФА томонидан таклиф этилган бир қатор таниқли собиқ футболчилар қуръа олди фикрлари билан ўртоқлашишди.
Дастлаб испаниялик афсонавий футзалчи, икки карра жаҳон чемпиони Кике кўҳна шаҳарда ўтаётган маросим ва Ўзбекистон мезбонлигидаги жаҳон чемпионати юқори даражада ўтишига ишонаётганини маълум қилди.
Ундан кейин «Манчестер Юнайтед» собиқ ҳужумчиси франциялик Луи Саҳа ЖЧ-2024 қуръа ташлаш маросими эртакнамо шаҳарда ўтказилаётгани ва у бу жараёнда бевосита иштирок этаётганидан жуда мамнун эканини таъкидлаб ўтди.
Франциялик собиқ футболчидан кейин Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ сардори Сервер Жепаров қуръа жараёнини интиқлик билан кутаётгани, футзалчиларимизга қайси рақиблар тушишдан қатъий назар ЖЧ-2024 баҳслари мамлакатимизда юқори даражада ўтказилишига ишонч билдирди.
Маълумот учун, футзал бўйича жаҳон чемпионати 14 сентябрдан октябрга қадар мамлакатимизнинг Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ўтказилади.