Леонардо Бонуччи футболчилик фаолиятини якунлашини маълум қилди.
37 ёшли италиялик ҳимоячи жорий мавсумнинг иккинчи қисмини «Фенербахче»да ўтказмоқда. Истанбулликлар бугун, 26 май куни сўнгги турда «Истанбулспор»га қарши майдонга тушади, ушбу баҳс Бонуччи учун фаолиятидаги сўнгги ўйинга айланади. Унинг жамоаси математик жиҳатдан чемпионлик учун имкониятга эга.
«Фаолиятимни соврин билан якунлашни истардим, якшанба куни бизда чемпион бўлиш учун имконият бор», - дейди италиялик футболчи.
Бонуччи «Ювентус» ва Италия миллий жамоасидаги фаолияти (2010-2017, 2018-2023 йиллар) билан танилган. У 9 карра А Серия ғолиби саналади. Шунингдек, 2021 йил Италия сафида Европа чемпионига айланган.
Маълумот учун, «Фенербахче» Туркия Суперлигасида 96 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Галатасарой» эса 99 очко билан 1-ўринни эгаллаб турибди. Бонуччининг жамоаси бугун соат 21:00да ўз ўйинини ўтказади.