24.05.2024 22:31
4326
Теглар
«Барселона» ва Негрейра бўйича шов-шувли коррупция иши суд томонидан ёпилди 

Испаниянинг «Барселона» футбол клуби кўп йиллар давомида ҳакамлар ишига масъул бўлган амалдорга пул тўлаб келгани аниқланди. Аммо бу билан боғлиқ коррупция иши якунига етмай қолди. 

«Барселона» футбол клуби ва Испания футбол федерацияси (RFEF) ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра билан боғлиқ коррупция иши ёпилди. 

24 май куни Барселона шаҳри суди ҳам клубга, ҳам Негрейрага қарши қўйилган барча айбловларни олиб ташлади. 

Сўнгги йилларда футбол оламидаги энг шов-шувли можаролардан бири, «Барселона»нинг деярли бутун раҳбариятини (шу жумладан, собиқ раҳбариятини ҳам) қамраб олган иш натижасиз тугади. 

Можаро ўтган йил баҳорида бошланди. Испания прокуратураси Испания футбол федерациясидаги ҳакамлар ишига масъул бўлган Хосе Мария Энрикес Негрейра ва «Барселона» раҳбарларининг узоқ муддатли ва яқин ҳамкорлигига қизиқиб қолди. Прокуратура 2001 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Негрейра ва унинг ўғли назоратидаги компаниялар «Барселона»дан жами 7,8 миллион еврога яқин маблағ олганини аниқлади. 

Бу воқеа Испания футбол жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлди. Ла Лига раҳбари Хавиер Тебас бу можарони «испан футболидаги энг катта муаммо» деб атади. 

Негрейра ўзини оқлар экан, «Барселона» учун у ёки бу ҳакамнинг статистик маълумотлари ва хатти-ҳаракатлари намунаси бўйича ҳисобот тайёрлаб берганини ва бу одатдаги амалиёт эканини таъкидлади. 

Негрейранинг иши ҳақиқатан ҳам жуда истиқболли кўринарди. Жумладан, ўтган йилнинг сентябр ойида Барселона шаҳри тергов суди бошлиғи Хоакин Агирре бу иш бўйича Негрейра, «Барселона» ва унинг икки собиқ президенти - Сандро Россел ва Хосеп Бартомеуга 17 йил давомида коррупция схемасида иштирок этганликда айбланувчи мақомини берди. Уларнинг барчаси порахўрликда айбланди. 

Бироқ, Негрейра ҳақиқатан ҳам испаниялик ҳакамларга «Барселона» фойдасига қарор чиқариш учун босим ўтказганини тасдиқлайдиган далиллар йўқ эди. 

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) томонидан олиб борилган суриштирувда криминал ҳолатлар аниқланмади. 2024 йил январ ойида эса 79 ёшли Негрейра судга психиатр хулосасини тақдим этди. Унда айтилишича, Негрейра кексалик билан боғлиқ ақлий заифликдан азият чекади ва бу унинг суд жараёнида гувоҳлик беришига тўсқинлик қилади. Шунингдек, унда Алцгеймер оғир хасталиги борлиги ҳам аниқланди. Аммо суд бу ташхисларга қарамай, Негрейрани жавобгарликка тортиш мумкин деб ҳисоблади. 

Бироқ, Негрейранинг соғлиғи эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, прокурорлар охир-оқибат барча айбловларни олиб ташладилар. Суд эса ишни ёпиқ деб эълон қилишдан ўзга чора топмади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар