«Болоня» бош мураббийи Тиаго Мотта янги мавсумда «Ювентус»ни бошқаради.
Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, Турин клуби ва Мотта ўртасида 2027 йилга қадар шартнома имзоланган. «Юве» Аллегри билан хайрлашганини эълон қилган ва тез орада янги мураббийни таништиради.
«Ювентус» клуби раҳбарияти Тиаго Мотта билан олиб борилган 6 ойлик музокаралардан кейин келишувга эришган. 41 ёшли мутахассис «Болоня»ни бу ҳақда хабардор қилган ва у мавсум якунида клубни тарк этади.
Қайд этилишича, Моттанинг йиллик маоши 5 миллион еврони ташкил қилади.
Бразилияда туғилган ва Италия фуқаролигини олган мураббий ўтган 5 йил давомида «Женоа», «Специя» ва «Болоня» клубларини бошқарди.
Маълумот учун, «Болоня» А Серия 38-туридан олдин 68 очко билан 3-ўринга кўтарилиб, «Ювентус»ни 4-ўринга туширди.