Ҳанс-Дитер Флик «Барселона»ни бошқариш учун «Челси» таклифини рад этди.
Аввалроқ чоршанба куни «Барса» спорт директори Деку ва футбол координатори Боян Кркич «Бавария»нинг собиқ устози ҳамда унинг агенти Пини Заҳави билан музокаралар олиб бориш учун Англияга учиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ Mundo Deportivo нашрининг ёзишича, бу ҳақиқатга тўғри келмайди — аслида Деку Флик билан телефонда Жоан Лапорта номидан гаплашган.
Суҳбат ижобий бўлди. Ҳозир Флик келаси мавсумда «кўк-анорранглилар» бош мураббийи лавозимига асосий номзод ҳисобланади. Қолаверса, клуб президентининг немис мураббийлик мактабини афзал кўриши унинг фойдасига хизмат қилади.
Таъкидланишича, германиялик мутахассис «Челси» таклифидан бош тортган ва «Барселона»даги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Келаси ҳафтада Каталония клуби раҳбарлари Хави билан йиғилиш ўтказишади ва унда мураббийнинг ушбу мавсумдаги фаолияти натижалари таҳлил этилиб, у билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.