22.05.2024 16:15
4289
Теглар
Ўзбекистон ҳакамлар маркази: «Насаф» дарвозасига 90+1-дақиқада пеналти белгиланмаган, «Андижон» ўйинчиси майдондан четлатилмаган

Суперлига 8-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси эълон қилинди.

21 май санасида Суперлига 2024 йилги мавсумнинг 8-тури якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази тур якунларига кўра, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. 8-тур доирасида ўтказилган ўйинларда жами ўн битта баҳсли вазият юзага келди. 

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1-вазият: «Андижон» – «Металлург» учрашуви: баҳсли қизил карточка.
 «Андижон» – «Металлург» баҳсининг 18-дақиқасида майдон эгаларининг 66-рақамли футболчиси эҳтиётсизлиги сабаб меҳмонлар вакили оёғининг ҳимояланмаган қисмига шикаст етказди. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов бу ҳолатда андижонликлар ҳимоячисига сариқ карточка кўрсатди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда футболчи рақибига ўта кескин тарзда бутсасининг таг қисми билан зарба берган ва унга жиддий жароҳат етказиши мумкин эди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини нотўғри, деб ҳисоблайди.

2-вазият: «Қизилқум» – «Олимпик» ўйини: баҳсли пенальти.
«Қизилқум» – «Олимпик» беллашувининг 80-дақиқасида мезбонлар рақиб жарима майдонида хавфли вазият юзага келтирди. Бу вазиятда навоийликларнинг 8-рақамли футболчиси тўп учун курашда майдонга йиқилди. Бош ҳакам Тўрабек Суюнов ВАР орқали ҳолатни ўрганганидан сўнг пенальтига ишора қилди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу эпизодда ҳимоячи тўп учун курашга кирган ва пенальти учун етарли асос мавжуд эмас эди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси якдил фикр асосида ҳакамнинг қарори нотўғри бўлганини маълум қилади.

3-вазият: ОКМК – «Сўғдиёна» ўйини: меҳмонларнинг голи.
ОКМК – «Сўғдиёна» баҳсининг 26-дақиқасида меҳмонларнинг 14-рақамли футболчиси рақиб дарвозасини ишғол қилди. Аммо бу вазиятда жиззахликларнинг офсайдда турган 9-рақамли вакили дарвозабонга ҳалақит қилган. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев ВАРга мурожаат қилди ҳамда ҳужумчининг ўйиндан ташқари ҳолатда экани сабаб голни бекор қилди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳужум қилаётган футболчи тўп учун курашга кирган пайтда офсайдда эди. Ҳакамнинг қарори якдил фикр асосида тўғри, деб топилди.

4-вазият: ОКМК – «Сўғдиёна» беллашуви: баҳсли пенальти.
ОКМК – «Сўғдиёна» учрашувининг 67-дақиқасида меҳмонларнинг 11-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида тўп учун курашга кирди. Аммо бу ҳолатда олмалиқликлар аъзоси унга фаол қаршилик кўрсатди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев ВАР орқали эпизодни ўрганиб чиққач, 11 метрлик жарима зарбасига ишора қилди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ОКМК ҳимоячиси рақибининг тўпга эгалик қилишида ҳалақит қилган ҳамда унинг майдонга йиқилишида айбдор бўлган. Реферида нуқта кўрсатиш учун асосли сабаб бор. Ҳакамнинг қарори бир овоздан тўғри, деб ҳисобланди.

5-вазият: Яна ўша учрашув: баҳсли пенальти.
ОКМК – «Сўғдиёна» ўйинининг 90+7-дақиқасида меҳмонларнинг 99-рақамли футболчиси фаол тарзда ҳужумга ўтди ва уни ҳимоячи тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев эса яна бир бор нуқтага ишора қилди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳужумчи ва ҳимоячи ўртасидаги контакт кадрлар орқали яққол кўринмаган. Шу сабабдан, Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди.

6-вазият: «Навбаҳор» – «Нефтчи» баҳси: баҳсли пенальти.
«Навбаҳор» – «Нефтчи» ўйинининг 90+1-дақиқасида меҳмонларнинг 9-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида кескин қаршиликка учради. У тўп учун курашаётган бир вақтда наманганликлар ҳимоячиси томонидан зарарсизлантирилди. Бош ҳакам Азиз Асимов бу ҳолатда пенальти белгиланмаслигини қайд этди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда мезбонлар вакили тўпга рақибидан биринчи етиб борган ва тўп учун ҳаракат қилган.  Шу тариқа, ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

7-вазият: Яна ўша учрашув: баҳсли пенальти.
«Динамо» - «Пахтакор» баҳсининг 12-дақиқасида мезбонлар аъзоси ўз жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади. Бош ҳакам Акмал Раҳимов ВАРда ҳолатни кўргач, тошкентликлар фойдасига 11 метрлик жарима зарбаси белгилади.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу ҳолатда тўп қўлга теккандан сўнг йўналишини ўзгартирган. Қолаверса, ҳимоячи ҳам жарима майдонида эҳтиётсизлик қилган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан қарор тўғри, деб ҳисобланди.

8-вазият: «Динамо» - «Пахтакор» ўйини: баҳсли пенальти.
«Динамо» - «Пахтакор» учрашувининг 17-дақиқасида энди меҳмонларнинг 22-рақамли футболчиси ўз жарима майдонида тўпга қўли билан тегди. Бош ҳакам Акмал Раҳимов эса вазият пенальтига тортмаслигини маълум қилди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўп тасодифий тарзда ҳимояланган футболчининг қўлига теккан ва бу ерда пенальти учун асос етарли эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан қарор тўғри, деб ҳисобланди.

9-вазият: «Сурхон» - «Насаф» беллашуви: баҳсли пенальти.
«Сурхон» - «Насаф» баҳсининг 90+1-дақиқасида номинал мезбонларнинг 17-рақамли футболчиси қаршиликлар жарима майдонида рақиби билан тўп учун курашда йиқилди. Бош ҳакам Илгиз Танташев эса ВАРдаги узоқ текширувдан кейин вазият пенальтига тортмаслигини қайд этди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу ҳолатда ҳужумчи қулай вазиятга чиқиб бораётган бир вақтда ҳимоячи томонидан тўхтатиб қолинди. Шунингдек, меҳмонлар вакили биринчи тўпга эмас, рақибнинг оёғига зарба берганини кўриш мумкин. Бу ерда пенальти учун асос етарли эди ва Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини нотўғри, деб топди.
Мазкур вазият сабабли Илгиз Танташев чиқарган қарор қўмитага оширилди.

10-вазият: Яна ўша учрашув: баҳсли пенальти.
«Бунёдкор» - «Локомотив» ўйинининг 55-дақиқасида мезбонлар вакили рақиб жарима майдонида тўп учун ҳаракат қилаётган пайтда қаршиликка учради ва майдонга йиқилди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев нуқтага ишора қилди.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур вазиятда ҳужум қилаётган футболчи тўп учун курашга кирган пайтда ҳимоячи томонидан тўхтатиб қолинди. Агар у рақиби томонидан ушлаб қолинмаганда, гол уриш учун яхши имкониятга эга бўлиши мумкин эди. Ҳакамнинг қарори якдил фикр асосида тўғри, деб топилди.

11-вазият: «Бунёдкор» - «Локомотив» беллашуви: баҳсли пенальти.
«Бунёдкор» - «Локомотив» баҳсининг 90+6-дақиқасида мезбонларнинг 25-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида боши билан дарвоза томон зарба берди. Шу вазиятда унинг бошига рақиб посбони мушти билан зарба берди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев мазкур ҳолатда дарвозабонга қизил карточка кўрсатди ва пенальти белгилади.   
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда дарвозабон тўпга улгурмаган ва рақибининг бошига зарба берган Бу ерда пенальти учун асос етарли ва Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб топди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар