«Ливерпул» билан хайрлашган Юрген Клоппнинг афсонавий ўйинлари ўнлаб топилади. Аммо энг биринчи ўриндагиси ўртамиёна рақибга қарши ўйиндаги дуранг натижа бўлганди.
— «Вест Бромвич» сиз учун нима?
— Ҳеч нарса. Айни дамда ҳамма нарса!
Мураббийни чарчатадиган вазият нима биласизми? Ғалабаларга одатланиш. Қизиқ парадокс, аслида барча мураббийлар буни орзу қилади, тўғрими? Сен ҳам, шогирдларинг ҳам, атрофингдагилар, қувватлаётган мухлислар ҳам ғалабаларга одатланса, қандай яхши? Мураббийлар мана шу чўққи учун курашади, ҳаракат қилади, ҳаммасимас, жуда кам сонлиси эришади ҳам. Уёғи қийин. Энди сендан бошқа натижани кутишмайди, қабул ҳам қилишмайди. You will never walk alone, деб қўшиқ куйлаб туришса ҳам, ёлғиз бўласан, энди сени тушунишмайди. Узоқ муддат бу даражада ишлаш имконсиз.
Юрген Клопп Ливерпулдан кетди. Унинг Англияга келган даврини яхши эсласангиз керак. Жамоа ҳар жиҳатдан ўзига бўлган ишончни йўқотган, бошқарувда муаммолар етарли, Англияда чемпион бўлиш умуман имконсиздек кўриниб қолган, жамоа баъзида бу соврин учун курашган, ҳатто Чемпионлар Лигасини қўлга киритган бўлса-да, буни такрорлаш учун ё Суарес каби катта юлдуз келиши ёки Истанбулдаги каби мўъжиза содир бўлиши керакдек. Шу қадар ишонч пастки, ҳатто «Лестер» ҳам турнир жадвалини бошқариши, кейинроқ, ҳатто чемпион бўлишга ҳам муваффақ бўлган давр.
Европага «Ливерпул» шу қадар бегона эдики, Европа Лигаси финалида «Севиля» турнир эгасидек кўринган, Старриж ҳисобни очган бўлса-да, якунда испанлар ўз кубогини олиб кетадигандек туюлганди. Шундай бўлган ҳам.
Ҳозир давр бироз бошқа. Нафақат «Лестер», ҳатто каттароқ жамоалар ҳам, ҳатто 90 очко билан ҳам чемпион бўлолмайдиган палла. Европада «Ливерпул»нинг йўқлиги Чемпионлар Лигасини заифлаштиради, фаворитлар мувозанатини ўзгартиради ва бу сезилади ҳам.
«Ливерпул» мухлислари Клопп даврида шу қадар ўзгардики, Бентеке ёки Балотеллига умид боғлаш ортда қолган, энди Дарвин Нунездан ҳар бир вазиятини голга айлантиришини кутишади. Худди шу даражадаги ҳужумчидан камига рози бўлишмайди. Ҳар чизиқда шунақа.
Табиийки, Клопп АПЛни ҳам ўзгартирди, лекин энг биринчи навбатда, унинг Ливерпулдаги нимани ва қандай ўзгартиргани ҳақида ўйласам, ўша «Вест Бромвич» билан дурангни эслайвераман.
Клопп янги келган пайтлар. Тахминан бир ойгина бўлганди. Жамоа нечанчидирам ўринда, нимагадир курашиши керак, қайси чизиқларга кимларни сотиб олиш керак? Клопп бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган, менимча. Унинг мақсади маълум, лекин йўли ўзига хос эди.
«Вест Бромвич»га қарши «Ливерпул» ўз майдонида сўнгги дақиқаларида мағлубиятга учраётганди. Жамоа шу қадар ёввойи даражада ҳужумлар қилдики, рақиб дош бера олмади, Ориги (шу номни эслаб қолинг) ҳисобни тенглаштирди. Икки-ю икки. «Ливерпул»дек жамоа учун оддий, аслида жуда қониқарсиз натижа. Биргина очко беради.
Қизиғи ўйин тугагач бошланди. Клопп шогирдлари билан қўл ушлашиб, ашаддий мухлислар ўтирадиган тарафга борди. Биргаликда дурангни нишонлай бошлашди. Ҳаммалари тизилиб олишган, майдон четига қараб югуриб, мухлислар ёнига борганда қўлни тепага кўтаришади. Яна ортга қайтиб, шу иш такрорланаверади. Нималар бўляпти ўзи?
Менинг ҳам энсам қотган, бошқа топ-клубларнинг мухлислари ҳам масхаралагани табиий. Лекин энг қизиғи, Чемпионлар Лигасини ютганига кўп бўлмаган клубнинг ашаддий мухлисларига нима бўлди? Клопп уларни ҳам сеҳрлаб қўйдимики, улар ҳам «Вест Бромвич» билан дурангга жинни бўлиб қолишяпти? Қанақа мураббий олиб келди клуб?
Ҳозирдан туриб, йўқ, ҳозирдан ҳам эмас, орадан бир неч ой ўтиб «Боруссия» билан Европа Лигаси яримфиналида 1:3 дан 4:3 камбэк қилган палладанми, ё ўша машҳур бурчак тўпи, номини эслаб қолганингиз Ориги «Барселона» дарвозасига тўртинчи голни урган пайтдан турибми, ўша «Вест Бромвич»ни хотирласангиз, ҳаммаси тушунарли бўлади – Клопп илк ойларидаёқ «Ливерпул» учун бегона бўлмаган туйғуни эслатаётганди: ҳеч қачон таслим бўлма!
У ерда гап «Вест Бромвич»да ҳам эмас, ахир ҳар қандай жамоа 2:1 ҳисобида ютаётганида, охирги дақиқаларда кучли бўлиб кетади. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар охирги дақиқаларда гол уриш осон эмас. Аслида «Ливерпул» ўша оқшом «Вест Бромвич»дан бир очко олганини эмас, охирги дақиқаларда вазифа уддаланганини нишонлаётганди. Ҳуштак чалинмадими, таслим бўлма, ҳаракат қилавер, мухлислар биз билан, биз уддалаймиз, бугун бўлмаса, эртага, вазифа қай даражада оғир бўлишидан қатъи назар, бу иш қўлимиздан келади. Мана шу ғояни бир-икки футболчи ё таркибга эмас, бутун «Ливерпул» аурасига, клуб ходимларидан тортиб, мухлисларгача сингдириш керак эди, Клопп ишни шундан бошлади. Уёғи қийин эмас.
Ўйлаб қоламан, «Барселона» билан учрашувдаги камбэк, Месси ўйнаган рақиб билан 0:3 ни 4:0 га айлантириш қийинроқмиди, ёки «Вест Бромвич» билан ҳисобни тенглаштиришми? Иккинчиси катта воқеа, лекин биринчиси қийинроқдек туюлади. Чунки биринчисида бундай камбэкларни одатга айлантирган жамоа ва бутун дунё «Барселона»ни финалда кўраётган пайтда ҳеч нарсага эътибор бермай баннер кўтарганча футболчиларга ишониб ташриф буюрган мухлислар билан амалга ошмаганди.
«Вест Бромвич» билан ўйиндаги таркибни эслайлик: Миноле, Клайн, Шкртел, Ловрен, Морено, Милнер, Жан, Ҳендерсон, Лаллана, Бентеке, Коутинио.
Ғалати-а? Агар шунақароқ таркибда «Кристал Пэлас» мавсумни бошласа, лигада жон сақлаб қола оладими, деб ўйлаб қоласиз. Ҳозирги «Ливерпул» таркибидаги футболчиларни санасак, ер билан осмон. Клубда пул кўпайиб кетдими ёки?
Робертсон АПЛ тарихидаги энг яхши ассистент – «Ҳалл Сити»да ўйнаб юрарди. Трент академия маҳсули. Салоҳ аслида «Ливерпул» рўйхатида учинчи қаторда турган ўнг қанот ҳужумчиси сифатида. Фирмино Германиядан энди келиб, ўзини топа олмай юрган футболчи. Ҳендерсон, ўтган йилги Магуайрни биласиз-ку, мемлар бўйича, худди ўша Магуайрнинг бошқачароқ варианти. Уни сотиб олишганда ниҳоят «Ливерпул» шу даражага тушдими, деб мотам қилганлар бўлганди. Ҳаммани шундай санаш мумкин, улар бугундан туриб санаганимизда юлдуз, аслида эса, Клоппда нафақат Гвардиоланинг, ҳеч нарса ютмай истеъфога чиқиб кетган кўпгина мураббийларнинг ҳам имконияти йўқ эди. Юргеннинг бошқалардан фарқли жиҳати ҳам шунда – у машғулотларга қаттиқ ишонарди.
Бу шунчаки, қайсарлик эмас, асослар билан қувватлангандики, жамоа буни майдонда исботлади, «Ливерпул» узоқ танаффусдан кейин чемпион бўлди, Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди, энг муҳими, совринлар эмас, каттароқ, ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай рақибга қарши ҳар қандай вазифани уддалаш мумкинлигига ишонч пайдо бўлди.
Хавотирлар бор, айниқса, Арсен Венгер ва Алекс Фергюсондан кейинги даврдаги пасайишлар туфайли, «Ливерпул»ни ҳам шубҳасиз шундай давр кутаётганини тахмин қилгинг келади. Аммо Клопп сал бошқача, у «Энфилд»да ишловчи ҳар бир инсонга, тўп тепувчи ҳар бир футболчига Клоппга ё бошқа инсонга эмас, ўзига ишонишни ўргатиб бўлгандек туюлаверади. Шахсиятларнинг кетиши доим муаммолар келтириб чиқараверадими, қанийди, бу сафар бошқачароқ давом этса, одамлар муваффақиятларда кимнидир эмас, умумий меҳнат, муштаракликни асосий сабаб сифатида кўрсатишни ўрганиб олишса ниҳоят.
Кўпинча, бирор матн ёзсам, ўқувчилар энг охирги жумлалар яхши чиққанини эътироф этишади. Балки шунданми, мен ҳам ёзаётганимда, охирига кучлироқ сўзлар топишга ҳаракат қиламан. Лекин бу сафар иложи бўлмади. Клоппнинг Ливерпулдаги фаолияти ҳақида ёзар эканман, охири эмас, мақоланинг бошланиши кучли бўлиши кераклигини сезиб турардим. Худди «Вест Бромвич» билан ўйин каби...
Қ.Асланов