Карим Бензема Саудия Арабистонини тарк этмоқчи.
Relevo хабарига кўра, футболчи мамлакат про лигаси савияси, профессионаллик ва инфратузилма йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлган. Шунингдек, у ўз ўйинини «Реал» ва Франция миллий жамоасидаги фаолияти билан таққослашларига, танқид қилишларига дош беролмайди.
Ўтган ёзда «Ал Иттиҳод» сафига қўшилган франциялик ҳужумчи кетишни истамоқда. Бироқ буни амалга ошириш қийин бўлади, чунки унинг юқори маошли шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган. Қолаверса, Бенземанинг кетиши футболчига катта маблағ сарфлаган маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳақорат сифатида баҳоланиши мумкин.
Таъкидланишича, энг яхши ҳолатда Каримга яхшироқ инфратузилмага эга ва турнир жадвалида юқори ўринларни эгаллаган Саудиянинг бошқа клубига ўтишга рухсат берилиши мумкин. Жидда клуби чемпионатда 5-ўринда бормоқда, «Ал Ҳилол» эса муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди.
36 ёшли форвард мавсум давомида ўтказган ўйинлари учун кўп танқидларга учради. Айни дамда у болдир мушакларининг зўриқиши сабаб бир ойдан бери ўйнамаяпти.
Бензема бу мавсумда барча турнирларда 29 та ўйин ўтказиб, 13 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.