20.05.2024 17:19
11080
ПФЛ Ўткир Юсупов мисолида футболчиларга мурожаат қилди

Суперлига 7-туридан ўрин олган «Сўғдиёна» — «Навбаҳор» (1:2) учрашувидан сўнг Лига меҳмонлар посбони Ўткир Юсуповнинг иши Тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши юзасидан маълумот тақдим этганди, дея ёзади ПФЛ расмий сайти.

Кейинроқ Юсупов маҳаллий нашрлар билан суҳбатда мазкур мавзуга тўхталиб ўтди ва ўлчов барчага бирдек эмаслигини қайд этди. Қўшимчасига, Юсупов Суперлига 8-тури доирасида бўлиб ўтган «Нефтчи» клубига қарши ўйиндан кейин ҳам ғалабани биринчи навбатда меҳмон мухлислар қаршисида нишонлашга ошиқди. 

Лига миллий жамоа посбони сифатида Юсуповни ҳурмат қилади ва қатъий равишда огоҳлантиради: дарвозабон келгусида ҳам бундай хатти-ҳаракатни амалга оширса, унга нисбатан кескин чора кўрилади. Ҳар қандай профессионал футболчи провокацияларга эътибор қилмаслиги ва албатта жамоатчиликни жунбушга келтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатдан тийилиши шарт. Бунга амал қилмаган футболчи миллий терма жамоа аъзоси бўлган тақдирида ҳам Лига мусобақаларига қўйилмайди. Профессионал футболчида стадионга ташриф буюрган ҳар бир мухлисга жавоб қайтариш имконияти мавжуд эмас, ҳар қандай провокация учун энг муносиб жазо — яхши футбол орқали ғолиб чиқишдир.     

Шунингдек, Лига Юсуповга 2022 йилги мавсумда «Пахтакор» стадионидаги хатти-ҳаракатлари ва унга нисбатан чиқарилган қарорни, қўшимчасига, у назарда тутган «Сўғдиёна» посбонининг 2023 йилги мавсум Фарғонадаги хатти-ҳаракати учун олган санкциясини эслатиб ўтади. ЎФА тегишли қўмиталари ва Лига учун ҳар қандай жамоа ва футболчи тенг ҳуқуқли, шу билан бирга, расмий учрашув давомида бирдек масъулиятли ҳисобланади. Ўзини бундан алоҳида ҳисоблаган футболчи ёки расмийга эса лицензия тақдим этилмайди.     

Маълумот учун, ҳар қандай футболчи, расмий ва клубда тегишли қўмита қароридан норози бўлган тақдирида ЎФА Апелляция қўмитасига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар