ЎзПФЛ Суперлига 8-туридан ўрин олган «Андижон» — «Металлург» (1:1) ўйинига қўшиб берилган дақиқаларда юз берган кўнгилсиз ҳолат бўйича муносабат билдирди.
«Мухлислар томонидан майдонга улоқтирилган жисмлардан бири меҳмонлар шифокорининг бошига тегиб, уни жароҳатлади.
«Бобур арена»га ташриф буюраётган андижонлик ишқибозлар ўз фаоллиги ва ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турган бўлса-да, айрим кишиларнинг мана шундай хатти-ҳаракатлари футбол гўзаллигига путур етказаётгани ачинарли ҳолат. Афсуски, клуб ва секторларда жойлашган фаолларнинг бундай ҳаракатларга қарши кураши самара бераётгани йўқ. Мухлислар ҳаракати Тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
Шунингдек, «Металлург» шифокори жароҳат олган вазиятда «Андижон» футболчиси Владимир Бубаня ўзини профессионал футболчига хос тарзда тута билмади. Жамоа етакчиси сифатида у мухлисларни тинчлантириш ўрнига жароҳатланган шифокорга нисбатан қўпол ҳаракатларни амалга оширди. Лига футболчининг бу каби ҳаракатига тоқат қилмайди. Футболчилар саломатлиги учун масъул шахсга нисбатан хатти-ҳаракати учун Бубаняга Лига томонидан берилган лицензия вақтинчалик қайтариб олинади. Тартиб-интизом қўмитасининг қароридан кейингина мазкур масала тартибга солинади», — дейилади ПФЛ баёнотида.