Микел Артета чемпионликни қўлга киритиш учун «Арсенал»га нима етишмагани ҳақида гапирди.
Лондон клуби «Манчестер Сити»дан 2 очкога ортда қолиб, мавсумни 2-ўринда якунлади. АПЛнинг сўнгги 38-турида «тўпчилар» «Эвертон»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
«Жуда фахрланаман. Аввало, «Манчестер Сити»ни чемпионлик билан табриклайман – улар декабр ойидан кейин ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга оширишди. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Чемпионликни жуда хоҳлагандик. Афсуски, бу етарли бўлмади.
Муваффақиятни фақат биров билан таққослаш орқали ўлчаб бўлмайди — нима қилаётганимизни тушунишимиз керак. Ғалабалардан ташқари барча клуб рекордларини янгиладик. Бу — энг рақобатбардош лига ва биз яхшироқ бўлишимиз керак. Энди янада ривожланиш йўлларини топишимиз керак.
«Арсенал»га келганимда орзуйим барчани бирлаштириш ва бу клубни чинакам янги босқичга олиб чиқиш эди. Биз ҳозир шу йўлдамиз. Хафаман, чунки титул ютишни жуда хоҳлагандим, бу мухлислар учун жуда муҳим бўларди, биз бунга яқин келдик.
Энди янада дадил, қатъиятли, шижоатли бўлишимиз, янги даражага кўтарилишимиз керак. Муваффақиятга эришишимиз керак», — деди «Арсенал» бош мураббийи TNT Sports'га берган берган интервьюсида.