Хесус Навас «Севиля»да қолади.
Андалусия клуби президенти Хосе Мария дел Нидо Карраско ва 38 ёшли испан шартномани 2024 йилнинг 31 декабрига қадар узайтиришга келишиб олишди. Шундан сўнг ҳимоячи футболчилик фойдасига якун ясайди ва клубда ўзи истаган лавозимда ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, икки кун аввал «Севиля» Наваснинг кетишини эълон қилганди. Футболчи бу қарордан ҳафсаласи пир бўлганини ижтимоий тармоқларга ёзиб қолдирди — унинг сўзларига кўра, клуб шартномани узайтиришни таклиф қилмаган. Бундан ташқари, Навас бошқа жамоалардан яхшироқ таклифлар олгани ҳақидаги даъволарни ҳам инкор этганди.
Хесус «Севиля» сафида 17 мавсумда жами 688 учрашувда майдонга тушиб, 39та гол ва 119та ассист қайд этган. У Андалусия клуби билан тўрт карра Европа Лигаси, икки карра Испания Кубоги ва Испания Суперкубоги ғолибига айланган.