19.05.2024 18:36
3306
Теглар
Бундеслигада ноодатий ва ноёб мавсум якунлари. «Бавария» ҳатто иккинчи бўлолмади

Якунланган чемпионатдаги асосий кашфиётлар ва ҳафсалани пир қилганлар.

Шанба куни Бундеслиганинг навбатдаги мавсуми якунланди. Бир ой олдинроқ «Байер»нинг чемпионлиги (клубнинг 120 йиллик тарихидаги биринчиси) аниқ бўлиб улгурганди. Лигада йўлланмалар сони бештага ошгани туфайли қайси жамоалар Чемпионлар лигасига йўл олиши борасида ҳам интрига бўлмади («Байер», «Штутгарт», «Бавария», «Лейпциг» ва «Боруссия» Д). Турнирнинг бу асосий якунларидан ташқари яна еттита муҳим бандни келтириб ўтиш мумкин.

1. «Байер» мавсумни мағлубиятсиз ўтказди

Бу рўй берди. Ҳаби Алонсо жамоаси Германия чемпионатида шунчаки ғолиб бўлиш билан кифояланмасдан, буни бирор марта мағлубиятга учрамаган ҳолда уддалади. 34 тур давомида «Байер» 28 учрашувда ғалаба қозонди, олти ўйинда дуранг қайд этилди. 1963 йилдан буён ўтказиб келинаётган турнир тарихида бирор жамоа бундай натижага эриша олмаганди. «Байер» мавсум давомида бирорта турнирда мағлубиятга учрамаган жамоага айланиши ҳам мумкин. Бунинг учун яна иккита ўйин қолган – 22 май куни Европа Лигаси финалида «Аталанта»га қарши ўйин ва 25 май куни Германия Кубоги учун Иккинчи бундеслигада 15-ўринда бораётган «Кайзерслаутерн» билан ўтказиладиган ўйин.

2. «Бавария» — мухлислар ишончини оқлай олмади

Мюнхенликлар қаторасига 11 мавсумда чемпионликка эришганди. Бундай серия қачондир барҳам топиши аниқ эди. Аммо бу айнан қандай рўй бериши муҳим эди. «Бавария» биринчи ўриндан 18 очкога (!) ортда қолиб кетди. Сўнгги турда эса мюнхенликлар учинчи ўринга тушиб кетишди – жамоа 13 йилдан буён бундай паст ўринни эгалламаганди. Ва бу «Бавария» сафига сайёранинг энг кучли ҳужумчиларидан бири Ҳарри Кейн келиб қўшилган мавсумда рўй берди. Клуб кийим алмаштириш хонасидаги ва раҳбариятдаги келишмовчиликлардан жабрланди. Натижада айни вақтда кўплаб мураббийлар «Бавария» таклифини рад этишмоқда: Алонсо, Зинедин Зидан, Юлиан Нагелсман, Ралф Рангник, Хулен Лопетеги, Унаи Эмери, Оливер Гласнер, Роберто Де Дзерби ва Томас Тухел. Ёзда жамоа бошқарувига ким келиши ҳозиргача маълум эмас.

3. Ройс Бундеслига билан хайрлашди

Турнир рамзларидан бирига айланган футболчи Германияни  тарк этмоқда – бу сўнгги 12 мавсум давомида «Боруссия» Дортмунд шарафини ҳимоя қилган Марко Ройсдир. Ушбу ҳужумкор яримҳимоячи бу ой 35 ёшга чиқди. Сўнгги мавсумда у доим ҳам бошланғич таркиб футболчиси бўла олмади, аммо якуний турда илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. Мухлислар томонидан катта перформанс билан қарши олинган футболчи ўзи ҳам гол урди, шеригига голли пас ҳам берди ва олқишлар остида майдонни тарк этди. Хайрлашув орзудагидек кечди. У кейинги мавсумда Бундеслигада ўйнамаслиги аниқ. Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, футболчининг кейинги манзили МЛС чемпионати бўлади.

4. «Штутгарт» ва Гирасси — мавсум кашфиётлари

Асосий кашфиёт сифатида «Байер»ни айтиш мумкин, аммо улар учун бу камлик қилади. Алонсо амалга оширган иш – бутун Европа учун ноёб ҳолатдир. Шундай экан, бу ўринда нисбатан кичикроқ ишларни эътироф этиш мумкин. «Штутгарт» ўтган мавсумни 16-ўринда якунлаганди ва юқори дивизионда қолиш учун Иккинчи Бундеслиганинг учинчи жамоаси билан ўтиш ўйинларида иштирок этишига тўғри келганди. Энди эса бу жамоа иккинчи ўринни эгаллади, 42 ёшли мутахассис Себастян Ҳёнессга (Дитернинг ўғли ва Улининг қариндоши) «Бавария» қизиқиш билдирмоқда. «Штутгарт» бу мавсум аввалгисига нисбатан 14 поғона юқорилаш орқали «Вердер»нинг 1967/1968 йилдаги рекордини такрорлади. Серу Гирасси эса 26 гол уриб, ақл бовар қилмас статистика қайд этди. Ўтган мавсумда у бундай самарадорлик билан тўпурарлар пойгасида яққол пешқадам бўлган бўларди (Кристофер Нкунку ва Никлас Фюллкруг 16 тадан гол уриб, энг яхши кўрсаткични қайд этишганди).

5. Вирц — Германиядаги энг харидоргир футболчи

«Байер» чемпионлигига ҳисса қўшган қаҳрамонлар рўйхати узун. Виктор Бонифасе мавсумнинг учдан бир қисмини жароҳатлар туфайли ўтказиб юборган бўлишига қарамай – жамоанинг энг яхши тўпурари (14 гол) бўлди. Гранит Чака – тўпга тегинишлар сони бўйича яққол пешқадам. Жонатан Та – лигада узатмалар аниқлиги бўйича энг яхши футболчи (94 фоиздан ошиқ). Алехандро Грималдо – 13 ассист муаллифи (ундан юқори натижа топ-5 лига бўйича ҳам ҳеч кимда бўлмади). Бу ўринда жамоанинг асосий етакчиси Флориан Вирцни ҳам эътироф этиш керак, у «Реал»нинг 2025 йил ёзидаги асосий нишони бўлиши айтилмоқда. Transfermarkt унинг трансфер баҳосини 110 млн еврога баҳолаган – Бундеслигада ҳозирда ундан қимматроқ футболчи йўқ (Кейн ва Жамал Мусиаланинг нархи ҳам шунча).

6. Кейн 36 гол урди

Мавсум якунида барчадан кўра кўпроқ ранжиган футболчи. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси ўтган йил ёзида совринлар ютиш учун «Бавария»га йўл олганди. Англиялик форвард 30 ёшдан ошганига қарамай, ҳозиргача бирорта титулга эга эмас. Мюнхен жамоаси ҳам Кейннинг трансферидан кейин совринсиз қолди. Шу билан бирга, ҳужумчи ўзига боғлиқ барча ишни қилди. 36 гол урди ва саккиз ассист муаллифи бўлди – бу фақат Германия чемпионатининг ўзида. Англиялик ҳужумчи «Дармштадт» билан ўйинда майдоннинг иккинчи қисмидан дарвозани ишғол қилишни ҳам уддалаганди.

7. «Боҳум» тушиб кетиши мумкин

Германия чемпионатини «Дармштадт» ва «Кёлн» тарк этди, Иккинчи Бундеслигадан «Санкт-Паули» ва «Ҳолштайн» юқорига кўтарилди, бу икки жамоа қуйи лигада анча олдинроқ биринчи ва иккинчи ўринларни нақд этишганди. Улардан биринчиси 13 йиллик танаффусдан кейин қайтмоқда, иккинчиси учун эса бу элитадаги дебют бўлади (тўғри, бу жамоа 1912 йилда чемпион бўлган, аммо ўшанда турнир Германия биринчилиги деб номланган). Германия чемпионатидаги яна бир ўрин Биринчи Бундеслиганинг 16-жамоаси («Боҳум») ва Иккинчи Бундеслигада учинчи ўринни эгаллаган жамоа («Фортуна») ўртасида ўйналади – бу баҳслар 23 ва 27 май кунлари ўтказилади. Барчаси ўтиш ўйинларига «Унион» йўл олишига қараб бораётганди, аммо берлинликлар жамоаси сўнгги турда 90+2-дақиқада ғалаба голини урди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар