Хави жорий мавсум якунида «Барселона» бош мураббийи лавозимини тарк этади, дея хабар бермоқда испан нашрлари.
Diario Sport хабарига кўра, Каталония клуби президенти Жоан Лапорта Хави билан хайрлашиш қарорини қабул қилган. У мураббий билан келишувни узайтириш фикридан қайтган.
Қайд этилишича, Хавининг матбуотда клубнинг молиявий ҳолати ҳақида бир неча марта гапирганидан сўнг мураббий ва Лапорта ўртасидаги муносабат совуқлашган.
Аввалроқ, Хави Каталония клубининг молиявий жиҳатдан «Реал» ва Европанинг етакчи клублари билан рақобатлаша олмаслиги ҳақида гапирганди.
Эслатиб ўтамиз, январ ойида Хави клубни тарк этиши ҳақида эълон қилган бўлса, апрел ойидаги кетма-кет ғалабалардан сўнг Хави фикридан қайтгани ва клуб билан келишув узайтирилиши ҳақида эълон қилганди.
Маълумот учун, «Барселона» Ла Лига жорий мавсумида 79 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.