08.05.2024 18:32
11915
Немисча парадокс. Чемпионлар лигасига чиқиш учун ютқазиш керакми?

Маълумки, янги мавсумдан Чемпионлар Лигаси формати тубдан ўзгаради. Асосий босқич иштирокчилари сони 32 тадан 36 тага ошиши натижасида қўшимча ўринлар пайдо бўлди. Қуйида ушбу ўзгаришлар натижасида Бундеслигада юзага келиши мумкин бўлган қизиқ ҳолат ҳақида.

Аввал, эслаб олайлик, Чемпионлар Лигасида қайси жамоалар қатнашади?

Биринчи гуруҳ, чемпионатларда юқори ўринларни эгаллаган клублар. Рейтингга қараб, баъзи лигаларга 4, баъзиларга 3 ёки 2 ёки камроқ ўринлар тақдим этилган. Бу тушунарли.

Иккинчи гуруҳ саралаш ўйинлари орқали асосий турнирга йўлланма олишади. Бу ерда биринчи гуруҳдаги қатъий белгиланган ўринлардан ташқари, 1-2 та йўлланмага эга бўлган лига иштирокчилари плей-офф ёрдамида қўшимча йўлланмани олиши мумкин. Қуйироқ рейтингдаги лигаларда умуман ўрин кафолатланмаган, мана шу плей-офф орқали Чемпионлар Лигасига чиқишлари мумкин.

Бундан ташқари, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси ғолибларига ҳам келаси мавсум ЕЧЛда ўйнаш ҳуқуқи берилади. Бу ерда изоҳлаш керак бўлган жиҳат: агар ЧЛ ёки ЕЛ ғолиби ўз чемпионати орқали ҳам йўлланмани қўлга киритган бўлса, ўша йўлланма «куйиб кетади» ва бошқа лигаларда қўшимча имконият пайдо бўлади.

Мисол учун, «Севиля» ўтган мавсумда Испанияда 12-ўринни олди ва Европа Лигасида ғолиб чиқди. «Севиля» Европа Лигаси ғолиби сифатида қўшимча йўлланмага эга бўлди ва 1-4 ўринни олган испан жамоаларига қўшилиб, бу мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этди.

«Манчестер Сити» эса, ҳам АПЛ орқали ЧЛда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди, ҳам ЧЛ ғолиби бўлди. Аммо Испаниядан фарқли равишда, Англиядан 5 эмас, 4 жамоа Чемпионлар Лигасида қатнашди. Чунки «Сити» ўз чемпионатида 4 йўлланмадан бирини олгани туфайли, битта ўрин «куйиб кетди». Агар «Манчестер Сити» Англияда тўртликка кира олмаганда, худди Испания сингари беш жамоа (топ-4 + ЧЛ ғолиби) Чемпионлар Лигасида қатнашган бўларди. Шу ергача ҳаммаси тушунарли.

Янги мавсум учун формат ўзгарган бўлса-да, ушбу танлов тамойиллари ўзгаришсиз қолди. Фақат қатнашувчи клублар сони оширилиши натижасида яна 4 та ўрин пайдо бўлди. Булардан иккитаси плей-офф орқали аниқланадиган квоталарга қўшиб берилган бўлса, яна икки ўрин олдинги еврокубокларда энг кўп рейтинг очкосини қўлга киритган икки Лигага қўшимча сифатида тақдим этилади.

Демак, 2023/24 йиллар евромавсумида клублари энг кўп очко тўплагани натижасида А Серия ва Бундеслига кейинги мавсумида яна биттадан қўшимча ўринга эга бўлишди. Италия ва Германиядан Чемпионлар Лигасида бештадан ўрин нақд.

Назарий томондан, Чемпионлар Лигасида энди битта лигадан ҳатто 7 жамоа ҳам қатнашиш имконияти бор – масалан, юқоридаги шаклда қўлга киритилган 5 ўриндан ташқари, турнир жадвалида пастроқдан ўрин эгаллаган клублар Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасини ютишса. Қизиқ жойи энди бошланади.

«Байер» Европа Лигасини ютган тақдирда ҳам, Германияга яна битта ўрин қўшилмайди. Худди юқорида тушунтирилган «Манчестер Сити» билан боғлиқ ҳолат сингари. Леверкузенликлар чемпионатда кучли тўртликдан ўрин олди.

Аммо «Боруссия» билан боғлиқ ҳолат бироз чалкаш. Дортмундликлар «ПСЖ» устидан ғалаба қозониб, ЕЧЛ финалига йўл олди ва ушбу мусобақада ғолиб чиқиш имкониятига эга. Хўш, агар шундай бўлса, Бундеслигага бериладиган йўлланмалар нима бўлади?

Дастлабки 4 ўрин учун 4 йўлланма олинган, буни тушундик. Яна бир қўшимча йўлланма, еврокубоклардаги рейтинг учун. Демак 5-ўриндаги жамоа, шундайми? Яъни, «Боруссия» тўғрими?

Нозик нуқта шуки, регламентда мана шундай ёзилган: «еврокубоклардаги очколар бўйича бериладиган қўшимча квота ушбу лигада қатнашаётган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаган энг юқори ўриндаги жамоага берилади». Айни пайтда 5-ўринни эгаллаб турган «Боруссия» ушбу таърифга тушади.

Аммо агар «Боруссия» финалда ғалаба қозонадиган бўлса, бошқа банд бўйича у Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида йўлланмани қўлга киритади. У ҳолда «ушбу лигада қатнашаётган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаган» таърифига тушмайди. У ҳолда «Бундеслигада қатнашаётган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаган энг яхши жамоа» – олтинчи ўринни эгаллаб турган «Айнтрахт» бўлиб қолади. Яъни агар «Боруссия» ЕЧЛни ютадиган бўлса, Бундеслигадан 6 жамоа ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлади ва олтинчи жамоа «Айнтрахт» бўлади.

Қизиқ жиҳати, агар «Боруссия» сўнгги 2 турда яхши ўйнаб, 4-ўринга кўтарилиб олса, «Айнтрахт» йўлланмасиз қолади. Сабаби, у ҳолда, Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган «Боруссия»нинг тўртликка киргани учун олган йўлланмаси худди «Манчестер Сити» ҳолатидек «куйиб кетади», еврокубоклар рейтинги ёрдамида қўлга киритилган 5-йўлланма эса 5-ўринни олган, «ушбу лигада қатнашаётган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаган» таърифига мос тушадиган «Лейпциг»га ўтиб кетади.

Агар бирор жойини тушунмаётган бўлсангиз, қайтадан ўқиб олинг, энг қизиқ жойи энди келяпти. Қуйида тугашига 2 тур қолган Германия чемпионати турнир жадвали:

Энг охирги турда «Айнтрахт» ўз майдонида «Лейпциг»ни қабул қилади. Агар 34-тур олдидан шунга яқин ҳолат сақланиб қолинади, дейлик, тасаввур қилинг, «Айнтрахт» «Лейпциг»ни ютадиган бўлса, «Лейпциг» 5-ўринга тушиб кетиши, «Боруссия» 4-ўринга кўтарилиб олиши мумкин. У ҳолда юқорида айтилганидек, «Айнтрахт» йўлланмасиз қолади.

Агар «Айнтрахт» мағлубиятга учраса, «Лейпциг» ўз ўрнида қолади, «Айнтрахт»да эса, Чемпионлар Лигаси финалида «Боруссия»га мухлислик қилиш ва унинг ғалабаси орқали Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бўлади.

Зўр-а? Ютсанг, Чемпионлар Лигасига чиқа олмайсан.

Мағлубиятга учра ва йўлланмани қўлга кирит! Ғирт «Манчестер Юнайтед» ҳавас қилса арзийдиган вазифа.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар