Витор Роке «Барселона»да қийинчиликларга дуч келмоқда.
Mundo Deportivo хабарига кўра, бразилиялик ҳужумчи Каталония клубидаги ҳолатидан норози.
Ҳозиргача Роке «Барселона» сафида 13 та расмий ўйинда 310 дақиқа ўйнаб, 2 та гол урди ва фақат икки баҳсда асосий таркибда майдонга тушди. У Чемпионлар Лигаси ёки класикода бир дақиқа ҳам ўйнамади.
Манбага кўра, футболчининг руҳий барқарорлигига қарамай, унга жамоадаги ҳозирги ҳолати катта босим ўтказмоқда. Виторнинг яқинлари футболчи оғир кунларни бошдан кечираётганини айтишган. У ҳар доим қувноқ инсон бўлганига қарамай, ҳозир жуда тушкунликка тушиб қолганга ўхшайди ва ҳатто баъзида йиғламоқда.
Қолаверса, футболчининг атрофидагилар Хави у билан гаплашмаётганини, шу сабаб Роке мураббийга хоҳлаган нарсасини бера олмаётганини таъкидлашган.
Мураббийлар штаби эса бошқача фикрда. Улар футболчи кўрсатмаларни тўғри бажараётганини тан олишади, аммо Виторни Бразилия чемпионатида олган жароҳатидан сўнг ҳали формасини тиклаб олмаган деб ҳисоблашади.
«Барселона» ҳужумчини ўтган ёзда «Атлетико Паранаэнсе»дан 30+31 млн еврога сотиб олган, бироқ молиявий қийинчиликлар туфайли футболчининг келишини кечиктирганди. Сўнг Гавининг узоқ муддатга сафдан чиқиши Рокенинг қишда келиши учун жой очди.