ФИФА футзал бўйича Таиландда ўтган Осиё кубоги-2024 турниридан кейин апрел ойи якунларига кўра, миллий жамоаларнинг рейтингини янгилади.
Унга кўра, Хосе Венансио Лопес бошчилигидаги Ўзбекистон футзал миллий жамоаси 1288,96 очко жамғарган ҳолда, 11-ўриндан жой олган. Ўзбекистон бунгача 2023 йилни жаҳон рейтингида 25-ўринда якунлаганди.
Бразилия ФИФА рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Амалдаги Жаҳон чемпиони Португалия эса Испанияни ортда қолдирган ҳолда иккинчи поғонага кўтарилиб олди. Осиё чемпионига айланган Эрон 4-ўринда, Аргентина эса кучли бешликдан ўрин олган. Қитъа чемпионати финалчиси Таиланд 9-ўринга кўтарилган. Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Осиё жамоалари орасида Эрон ва Таиланддан кейинги 3-ўринни банд этган.
26 май куни Самарқандда ўтадиган жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросимида ушбу беш жамоа ва Ўзбекистон футзал миллий жамоаси 1-саватчага жойлаштирилади.
2-саватчада эса Марокаш, Қозоғистон, Таиланд, Франция, Украина ва Парагвай жамоалари бўлади. Шу тариқа, футзал бўйича ЖЧ-2024 иштирокчилари ФИФА рейтингида эгаллаган ўринларига қараб сараланади ва гуруҳларга ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Таиландда ўтган Осиё кубогида Тожикистонни мағлуб этиб, 3-ўринни эгаллаганди. Қўшниларимиздан Афғонистон 30-ўрин, Тожикистон 34-ўринга кўтарилган бўлса, Қирғизистон 41-поғонада, Туркманистон 66-ўринда бормоқда.