06.05.2024 21:32
5166
Теглар
«Биз учун шок бўлди» – Кападзе Ҳусанов, Эркинов, Файзуллаевнинг финал олдидан клубига қайтгани ҳақида

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё кубоги U23 финали доирасидаги Японияга қарши ўйин олдидан легионерлар – Абдуқодир Ҳусанов, Ҳожимат Эркинов ва Аббосбек Файзуллаевнинг клуби ихтиёрига қайтишини кутмаганини айтди.

«Олимпиадага йўлланма олганимиздан кейин Абдуқодир Ҳусановнинг отаси (Ҳикмат Ҳошимов – Tribuna.uz) “ўғлимни клуби сафига олиб кетмасам бўлмайди, клубида битта ҳимоячи жароҳат олган, олиб бориш керак деяпти”, дедилар. Олдимизда финал турибди, қўйсанглар-чи, ўзи қанақа келишгансизлар дедим. “Олимпиадага чиқсак, клубга қайтади, деб келишганмиз” дедилар. Вазиятни тушуниб, майли, деб қўйдик. Чунки, барибир ҳали олдимизда каттароқ турнирлар бор, Абдуқодирни клубидан яна сўрашга тўғри келади ҳали.

Ҳожиматнинг клубида ҳам 3 май куни финал ўйини бор эди. Унга чипталарни ҳам олишган экан. Иккаласи билан хайрлашдик. Фақат Аббосбекда бунақа вазият йўқ эди. Унинг ҳам кетиши биз учун шок бўлди. «Зенит» билан ўйини боракан, клубидаги мураббийи неча бор қўнғироқ қилган унга, кутаётганини айтган. “Ака нима қилай, бормасам бўлмайди, кейинги сафар муаммо бўлмасин” деди. Икки кундан кейин финал бўлсаям, келаси сафар муаммо чиқмасин, шунисига ҳам шукур дедик-да, Аббосни ҳам қўйиб юбордик. Сизларсиз ҳам бир амаллармиз деб, миннатдорчилик билдириб, хайрлашдик.

Финал олдидан мен битта-битта ресурсимни йўқотаётгандек эдим. Тасаввур қилинг, ошпазнинг маҳсулотларидан гўштини, унисини, бунисини олишяпти-да, шунда ҳам ош пишириш керак бўляпти. Легионерларнинг кетишидан қолган ўйинчиларнинг ҳам хабари бўлмаган, истаймизми-йўқми, уларга ҳам таъсир қилди. Буни олдинроқ билганимда балки бошқача режа қилардим. Чунки тасаввур қилинг, Олимпиадага чиқдик, ҳамма байрамона кайфиятда, олдинда финал ва биз муҳим учта ўйинчимиздан айрилдик.

Шунга қарамай ҳам, финалда ҳам яхши ўйнадик, дея оламан. Япониядан ҳар жиҳатдан ғалабага яқинроқ эдик. Имкониятлар борасида ҳам улардан устун эдик. Сўнгги дақиқаларда ҳам пеналтини гол ура олмаганимиздан кейин, йигитларга “Худодан Олимпиадани сўраган эдик, У бизга битта турнирда иккита катта ғалабани насиб қилмаган экан. Кейинги сафар чемпионликни сўраймиз” дедим. Шахсан мен учун қўл остимдаги жамоа турнир чемпиони бўлди. Биз Осиёга Ўзбекистоннинг кучини яна бир бор кўрсата олдик, деб ўйлайман», - дейди Темур Кападзе «Спорт» телеканалидаги интервюсида.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов Қатардаги финал куни «Ланс» сафида қайдномага киритилмай, майдонга туширилмади. Аббосбек Файзуллаев эса «Зенит»га қарши ўйинда 20 дақиқа ҳаракат қилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар