Кечадан бошлаб Европада навбатдаги тур ўйинлари бошланди. Италияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси масаласи ҳали очиқ турган бўлса, Англияда «Арсенал» ва «Манчестер Сити» бош соврин учун сўнгги ҳамлаларни амалга ошириш арафасида турибди. Албатта, бу паллада ҳар бир ўйин, ҳар бир ҳаракатнинг қиймати олтинга тенг.
АРСЕНАЛ – БОРНМУТ (4 май, 16:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – ВУЛВЕРҲЭМПТОН (4 май, 19:00)
Сўнгги турларда рақиб ким бўлишидан қатъи назар бу икки жамоанинг сиртқи курашини жонли томоша қилишимиз шарт. Кучли бешликдаги бошқа чемпионатларда ғолиб номи деярли аниқ бўлди. Фақат Англияда катта эҳтимол билан «Арсенал» ва «Манчестер Сити» энг охирги тургача бир-бирини узоқлаштирмаса керак.
Айни пайтда «Арсенал» бир ўйин кўпроқ ўтказган ҳолда «Манчестер Сити»дан бир очко кўп жамғарган. Аммо манчестерликларнинг ҳатто дурангга ҳаққи йўқ, чунки тўплар нисбати бўйича «Арсенал»да яхшигина устунлик бор. Англияда биринчи бўлиб тўплар нисбати эътиборга олинишини эътиборга олсак, очколар тенглиги Артета жамоасининг устунлигини таъминлайди. Аслида жамоаларнинг охирги тургача бориши мумкинлигига ишонч нафақат ўртадаги фарқнинг камлиги, балки натижаларнинг ҳам барқарор эканидир. Масалан, ўтган йили ҳам «Арсенал» апрел охирларигача турнир жадвалини бошқарган бўлса-да, жуда кўп кутилмаган натижалар туфайли «Сити»га қувиб ўтиш имконини бериб қўйган. Бу сафар «Арсенал» янада виқорли ўйин кўрсатмоқда – 2024 йилда атиги бир маротаба қоқилди, кутилмаганда «Астон Вилла»га ютқазиб қўйди холос. Ҳатто ўша ўйинда ҳам лондонликлар ёмон учрашув ўтказишмаган, шунчаки, вазиятлардан фойдаланиш оқсаганди. Яъни сўнгги бир неча ойда «Арсенал»да ёмон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳатто «Сити» ҳам бу даража билан айни пайтда мақтана олмайди.
Шу жиҳат кураш бу сафар бироз фарқли якун топиши мумкинлигига ҳам ишора қилиши мумкин. Мавсумнинг бу палласида одатда рақибларидан анча ишончли кўринадиган «Сити» ҳозирда унчалик эмас. Биринчидан, бундай ўйинларда босим остида жамоани тортадиган Гундўған, Маҳрез каби футболчилар йўқ. Гвардиола қўшимча куч сифатида фақат ёшларга таянишга мажбур. Мисол учун «Ноттингҳэм» майдонидаги ўйинда ҳам «Сити» рақибидан кучли кўринмади, аксинча, фақат вазиятлардан фойдалана олмаслик мезбонларга панд бериб қўйди холос. Бундай сценарий демак ҳар қандай рақиб билан такрорланиши мумкин. Иккинчидан, «Арсенал» тақвимнинг оғирроқ қисмини ўтказиб олди – «Челси» ва «Тоттенҳэм»га қарши дербиларда очко йўқотилмади. Манчестерликларни эса, ўзи учун энг ноқулай бўлган «Тоттенҳэм»га сафар кутиб турибди. АПЛда «Сити» бу майдонда охирги 4 ўйинда очко олиш тугул, гол ҳам ура олмаган. Тўғри, «Арсенал»да «Олд Траффорд» сафари ҳам бор, аммо бугунги кучлар мувозанатидан келиб чиқилса, у ерда Артета шогирдларида муаммо туғилмаслиги керак.
Бугунги рақиблар — «Борнмут» ва «Вулверҳэмптон». Деярли тенг кучдаги, жадвалда ўртамиёна, лекин алоҳида ўйинларда ҳар қандай рақибга қарши муаммо туғдирадиган даражада таркиб, умидли мураббийга эга жамоалар. «Бўрилар» биринчи даврада «Сити» устидан ғалаба қозонган ҳатто. «Борнмут» охирги икки ўйинда бирорта ҳам тўп ўтказмай ғалаба қозонди. Яъни пешқадамлар керакли очкони олиш учун бироз тер тўкишларига тўғри келади.
ЖИРОНА – БАРСЕЛОНА (4 май, 21:30)
Бемалол айтиш мумкинки, Ла Лигада «Реал» навбатдаги чемпионликни қўлга киритади. Мадридликлар «Барселона»дан 11 очко олдинда бормоқда, яъни кейинги беш ўйинда жамоа 4 очко олиши етарли. Лекин Жиронадаги баҳс камида Каталония миқёсида байрамга айланиши шубҳасиз. Айниқса, майдон эгалари учун.
«Барселона» табиийки, Каталониянинг асосий жамоаси ҳисобланади. 1942 йилда «Эспаньол» мавсумни «Барселона»дан юқорида тугатган ва шундан бери ҳали бирор марта каталон жамоаси бундай натижага эриша олгани йўқ. Агар ушбу ўйинда ғалаба қозонса, «Жирона» 1 очкога олдинга ўтиб кетади. Тақвимдаги кейинги учрашувлар у қадар оғир эмаслигини эътиборга олсак, жироналиклар 82 йиллик анъанага барҳам беришлари ва Каталониянинг норасмий чемпионига айланиши мумкин.
«Жирона» буни амалга ошириши мумкин, зеро биринчи даврадаги сафар учрашувида бу иш уддаланган. Умуман расмий ўйинларда бу «Жирона»нинг ягона ғалабаси ҳисобланади. Демак бу сафар «Жирона» энди ўз мухлислари кўз ўнгида катта ғалабага эришиши мумкин. Яна бир тарихий воқеа бўларди. Ушбу стадионда бўлиб ўтган аввалги уч учрашувда мезбонлар бирорта гол ҳам ура олишмаган — 0:3, 0:2 ва 0:1 ҳисобида «Барселона» ғалаба қозонган.
Таркибларга тўхталадиган бўлсак, меҳмонларда мавсум охиригача сафдан чиққан 3 футболчидан ташқари барча тайёр. Балде, Френки де Йонг, Гавини энди фақат янги мавсумда майдонда кўрамиз. «Жирона» сафида ҳам йўқотишлар етарли. Асосий таркиб футболчиларидан Борха Гарсия, Кристиан Стуани каби тажрибали футболчиларнинг ҳолати шубҳа остида қолмоқда. Албатта, Артём Довбикка алоҳида эътибор қаратилади – у 19 гол билан Испания чемпионатининг тўпурари бўлиб турибди. Барселонадаги биринчи давра ўйинида ҳам айнан украиналик ҳужумчи ҳисобни очишга муваффақ бўлганди.
Яна бир муҳим факт: агар «Жирона» ушбу ўйинда 3 очко эгасига айланадиган бўлса, 5-ўриндаги «Атлетик» билан фарқни 13 очкога етказади. Бу дегани Мишел шогирдлари муддатидан аввал Чемпионлар Лигаси йўлланмасини расман қўлга киритишади. 2017 йилгача юқори дивизионда ҳеч қачон ўйнамаган камтар жамоа учун ажойиб натижа. Албатта, керакли очколарни «Жирона» кейинги турларда бўлса ҳам қўлга киритишига шубҳа йўқ. Лекин айнан бугун катта ўйин, дербида, «Барселона» устидан қозониладиган ғалаба орқали йўлланмани қўлга киритиш маҳаллий мухлислар учун ҳақиқий байрамни тақдим этади.
ЛИВЕРПУЛ – ТОТТЕНҲЭМ (5 май, 20:30)
«Вест Ҳэм» билан дурангдан сўнг, «Ливерпул» чемпионлик пойгасидан деярли чиқди. «Энди чемпион бўлишимиз учун «Манчестер Сити» ва «Арсенал» ҳам биз каби бир нечта ўйинда қоқилиши лозим» деб изоҳ берди Юрген Клопп. Айни пайтда «Ливерпул» «Арсенал»дан 5, «Сити»дан 4 очко (манчестерликларда бир ўйин кам) ортда бормоқда. Тўрт турда бу фарқни йўққа чиқариш жуда қийин масала, аммо ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш ҳам керак. Айниқса, Юрген Клоппнинг сўнгги ўйинларини кўтаринки руҳда ўтказиш — футболчилар учун қарз.
«Тоттенҳэм»нинг ўз кураши бор ва бу бироз жиддий. Тақвимда лондонликлар «Арсенал», «Ливерпул» ва «Сити» билан кетма-кет ўйнаши маълум бўлгач, чемпионлик масаласини айнан «Тоттенҳэм» ҳал қилар экан, деган гаплар бўлганди. Аммо сўнгги ҳафталар Постекўғли жамоаси учун ёмон кечди. Биринчидан, «Тоттенҳэм» шу қийин тақвимли даврни муносиб ўтказа олмаяпти – қаторасига уч ўйинда «Ньюкасл», «Арсенал» ва «Челси»дан мағлубият қабул қилинди. Иккинчидан, инглиз жамоалари еврокубокларда муваффақиятсизликка учрагач, Англиядан Чемпионлар Лигасида фақат 4 клуб иштирок этиши маълум бўлди. Шу пайтгача хавфсиз бешталикда турган «Тоттенҳэм» энди «Астон Вилла» билан топ-4 учун курашишига тўғри келяпти. Энди бунга ўша қаторасига мағлубиятларни қўшинг. Айни пайтда «Тоттенҳэм» бир ўйин кам ўтказган ҳолда «Астон Вилла»дан 7 очко ортда бормоқда. Ўша қолдирилган ўйин ҳам «Манчестер Сити» билан эканини инобатга олсак, имконият катта эмас. Бу кетишда ҳатто жамоа 5-ўринни ҳам бой бериб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу эса, мавсумнинг биринчи даврасида энг яхшилардан бўлган жамоанинг ҳолатига жиддий зарба бўлиб, келаси мавсумга ҳам таъсир қилиши мумкин. Ҳарқалай, янги қурилаётган жамоаларда ўзига бўлган ишонч ҳам катта аҳамият касб этади.
Жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйинлар жуда драматик кечганининг ўзи ҳам бу тўқнашувда бизни нимадир кутиб турганини англатади. Биринчи даврада икки ўйинчиси қизил карточка олиб 9 киши қолган «Ливерпул» сўнгги дақиқаларда мағлубиятга учраганди. Ўтган мавсум охирларидаги триллер ҳам ёдингизда бўлса керак. «Тоттенҳэм» 0:3 ҳисобини охирги дақиқаларда дурангга айлантирган, аммо қўшиб берилган дақиқаларда Жота гол уриб, Клопп шогирдларининг ғалабасини таъминлаганди. Умуман Премьер-лига доирасидаги охирги 12 ўйиннинг 11 тасида ё дуранг ёки томонлардан бири фақат бир тўп фарқи билан ғалаба қозонганини инобатга олсак, сўнгги дақиқаларгача курашни кутишимиз мумкин.
Ҳар икки томонда ҳам жароҳатлар етарли. Аввалдан маълум бўлганлардан ташқари, Тимо Вернернинг мавсум охиригача сафдан чиққани маълум қилинди Футболчи ижара асосида тўп ўйнаганини эътиборга олсак, германиялик ҳужумчини «Тоттенҳэм» либосида бошқа кўрмасак ҳам керак. Шунингдек, Иенома Удожи ҳам бу мавсумда майдонга туша олмайди. Мезбонлар таркибида ҳеч ким қайтгани йўқ. Эндигина майдонга қайтган Диогу Жота яна жароҳатланди ва яна камида икки ҳафта сафга қайта олмаса керак.
РОМА – ЮВЕНТУС (5 май, 23:45)
А Серияда марказий учрашув Римда бўлиб ўтади. «Интер» расман чемпионлик масаласини ҳал қилгач, Италияда асосий савол – Чемпионлар Лигасига бешинчи йўлланмани ким қўлга киритади? Айни пайтда олти жамоа кураш олиб боряпти.
«Ювентус» 65 очко билан 3-ўринда — гўёки хавфсиз кўринса-да, аслида ундай эмас. Тасаввур қилинг, агар ушбу ўйинда туринликлар мағлубиятга учрайдиган бўлса, «Рома» орадаги масофани 3 очкогача қисқартиради. Олтинчи ўриндаги «Аталанта» эса, қолдирилган ўйинни ҳам ютиб, 2 очкогача яқин келиб олади. Табиийки, мавсум сўнггида йўқ жойдан интриганинг пайдо бўлиши «Ювентус»га ортиқчалик қилади.
Туринликлар-ку, майли, бешликдан тушиб кетиши учун бир қанча воқеалар кетма-кетлиги бўлиши лозим. Аммо «Рома»нинг ҳолати бошқача – Де Росси учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур. «Рома» 5-ўринда турган бўлса-да, йўқотилган очколар бўйича ҳисобланса, аслида «Аталанта»да бир очколик устунлик бор. Бунинг устига кейинги турларда «Рома» ва «Аталанта» Бергамода тўқнаш келишади. Демак ҳар қандай йўқотиш «Рома»ни Чемпионлар Лигасидан узоқлаштиради. Европа Лигасидаги имконият ҳам деярли йўққа чиқди. Жамоа ўз майдонида «Байер»га мағлубиятга учраб, финалга чиқиш умидидан маҳрум бўлди. Маълумки, ушбу турнирдаги ғалаба ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этади.
Демак, қисман меҳмонларни дуранг ҳам қониқтириши мумкин. «Рома» эса фақат ғалаба учун майдонга тушади.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
4 май. БОРУССИЯ Д – Аусбург (18:30), Штутгарт – БАВАРИЯ (18:30), РЕАЛ – Кадис (19:15), Сассуоло – ИНТЕР (23:45), Маллорка – АТЛЕТИКО (23:55)
5 май. Брайтон – АСТОН ВИЛЛА (18:00), ЧЕЛСИ – Вест Ҳэм (18:00), Айнтрахт – БАЙЕР (10:30), МИЛАН – Женоа (21:00)
6 май. Кристал Пэлас – МЮ (23:55).
Қаҳрамон Асланов